Кадастр хизматларида 619 нафар ходим жазоланди
Аҳолига давлат хизматларини сифатли ва ўз вақтида кўрсатишни таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан хизмат кўрсатиш жараёнлари устидан назорат кучайтирилмоқда.
Маълум қилинишича, кадастр хизматларини кўрсатишда белгиланган муддатларни бузиш ҳамда фуқароларга асоссиз рад жавобини бериш ҳолатларига йўл қўйган 619 нафар мутахассисга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилган.
Хусусан, 345 нафар ходимга ҳайфсан берилган, 242 нафар ходимга ойлик иш ҳақининг 10–30 фоизи миқдорида жарима қўлланилган, 22 нафар ходим огоҳлантирилган. Шунингдек, 7 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Давлат хизматларини кўрсатишда қонунийлик, шаффофлик ва тезкорликни таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан соҳада хизмат интизомини мустаҳкамлаш, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА