Кадастр тизимида рақамли ислоҳотлар янги босқичга чиқмоқда
Миллий матбуот марказида Кадастр агентлиги тизимида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда соҳада ўтган йил давомида эришилган натижалар, амалга оширилган ислоҳотлар ва келгуси режалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Юртимизда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш, соҳани рақамлаштириш, давлат хизматларини соддалаштириш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу борада Кадастр агентлиги томонидан 2025 йил давомида қатор муҳим ишлар амалга оширилди.
Хусусан, кадастр соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш ва ахборот тизимларини интеграция қилиш бўйича салмоқли натижаларга эришилди. Илгари алоҳида фаолият юритган “Давреестр”, “Кўчмас мулк” ва “Кўчмас мулк–3” ахборот тизимлари ўрнига Жаҳон банки билан ҳамкорликда UZKAD — кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими ишга туширилди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, кўчмас мулкка оид маълумотлар очиқлигини таъминлаш мақсадида open.ngis.uz оммавий геопортали йўлга қўйилди. Шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш хизматлари Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда кўрсатилмоқда.
Ер ва кадастр назоратини рақамлаштириш мақсадида “E-Yer nazorat” ахборот тизими жорий этилди. Мазкур тизим Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.
— Республика умумий ер майдони 44 миллион 892,1 минг гектарни ташкил этади. Ҳозирги кунда ушбу ерларнинг 42,6 миллион гектари, яъни 95 фоизи UZKAD тизими орқали электрон харитага туширилган, — дейди Кадастр агентлиги директори ўринбосари Абдушукур Абдуллаев. — Шунингдек, 41,8 миллион гектар ер майдони 2,2 миллион нафар ердан фойдаланувчилар кесимида давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳисобга олиш ишлари натижасида илгари ҳисобга олинмаган 181,7 мингта объект ҳамда 2,3 мингта қўшимча қурилма аниқланди. Бугунги кунда республикадаги кўчмас мулк объектлари сони 8 миллион 846 мингтани ташкил этмоқда. Шундан 6,24 миллионта объект давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, 2,59 миллионта объект ҳали рўйхатдан ўтмаган.
2025 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари асосида 1 миллион 135 мингдан ортиқ кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ер қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш мақсадида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 61 минг 154 та ҳолатда 4 минг 935 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланди. Берилган кўрсатмалар асосида 43 минг 614 та ҳолатда ер қонунбузилишлари ихтиёрий равишда бартараф этилди.
[gallery-28179]
Шу билан бирга, 15 минг 466 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилди, 1 минг 967 та ҳолат юзасидан материаллар прокуратура органларига юборилди.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 295 минг 641 та ер участкалари “Yer elektron” тизимига киритилди. Шундан 2025 йилда 66 минг 287 таси аукцион савдоларига чиқарилди.
Пахта-ғалладан бўшаган паст ҳосилли ерларни деҳқон хўжаликларига ажратиш бўйича 261 минг гектар ер ҳокимликлар захирасига қайтарилди. Бу белгиланган режанинг 103 фоизини ташкил этди.
2025 йилда геодезия ва картография соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 131,2 минг кв.км ҳудудда аэрофотосуратга олиш ишлари олиб борилди, 121 минг кв.км ҳудудда ортофотопланлар тайёрланди, 67,4 минг кв.км ҳудудда дешифровка ишлари амалга оширилди.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА