Кўчаларни қуёш батареяли чироқлар ёритади
Пойтахтимизнинг Пушкин майдонида қуёш батареяларидан қувват олувчи светодиодлар ишга туширилди.
Пойтахтимизнинг Пушкин майдонида қуёш батареяларидан қувват олувчи светодиодлар ишга туширилди.Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Р.Файзиев, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори етакчи маслаҳатчиси Ханс Ульрих Им ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида қайта тикланувчи муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
2015 йилда Наманган вилоятининг Поп туманида қуввати 130 киловаттга тенг қуёш фотоэлектр станцияси, умумий қуввати йилига 1200 киловаттга тенг бўлган автоном қуёш станциялари ишга туширилди. Ҳозирги вақтда Самарқанд вилоятида қуввати 100 мегаваттга тенг, Марказий Осиёдаги энг йирик қуёш станциясини қуришга тайёргарлик кўрилмоқда.
Қуёш батареяларини ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш жараёнларига ўрнатиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикасида экологик ташаббусларни амалга оширишга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида пойтахтимиздаги марказий кўчаларда қуёш энергияси асосида ёритишнинг намунавий ускуналари жорий қилинмоқда.
Пушкин майдонида ўрнатилган қуёш энергияси технологиялари асосидаги диодли чироқлар бунинг амалдаги ифодаларидан бири бўлди. Ушбу ёритгичлар автоматик тарзда ёниб-ўчиши билан ажралиб туради. Бу энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иссиқхона газлари эмиссиясини қисқартиришда қўл келади.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг «Эко-энергия» маркази томонидан жорий йилда қарийб икки юзта қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди. Йил якунига қадар уларни тўрт юзтага етказиш режалаштирилган. 37 таълим муассасаси, 74 қишлоқ врачлик пункти ва 294 ишлаб чиқариш корхонасига умумий қуввати 271 киловатт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилади.