Журналистика – таъмагирлик ёки шантаж қуроли эмас
Конституцияда сўз эркинлиги кафолатланган. Айниқса, журналистик фаолият қонун билан ҳимоя қилиниши билан бир қаторда, соҳа вакилларига катта масъулият ҳам юкланган.
Журналистик материалларда берилаётган хабарнинг тўғрилиги учун журналист масъулдир. Бу соҳа холис бўлиши, ҳар қандай ҳолатда – ахборот излаш жараёнида, интервью олишда, уни тайёрлашда қонуний талабларга риоя этилиши шарт.
Журналистика – ҳеч қачон таъмагирлик ёки шантаж қуроли бўлмаслиги керак. Соҳа вакиллари ўз фаолиятида касб этикасига қатъий риоя қилиши, ҳеч бир шахснинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймаслиги даркор.
Жамиятимиздаги очиқлик муҳитини нотўғри тушунаётган айрим кимсалар сўз эркинлигини суиистеъмол қилаётгани ачинарли, албатта.
Халқ ишончини осон пул топиш манбаи, давлат идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига таҳдид қилиш қуроли, жамоатчилик назорати институтини омма кайфиятига таъсир қилиш инструментига айлантириб олаётганлар ҳам йўқ эмас.
Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, “Элита-медиа” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Taftish.uz” ходимлари жамоатчилик назоратини ўзларига ниқоб қилиб жиноий гуруҳ тузиб, товламачилик ва фирибгарлик содир этиб келгани маълум бўлди.
Булар – “Taftish.uz”нинг норасмий раҳбари Ғайрат Абераев, мухбирлик лавозимида ишлаган Азизжон Юлдашев, Сардор Ҳамидов, Маржона Эшқувватова ҳамда Дилшод Нишоновдир.
Ўз фаолиятини даромад манбаига айлантириб олган Абераев бошчилигидаги гуруҳ, мурожаатчиларни алдаш билан бир қаторда, фуқароларни обрўсизлантирувчи ёки бошқа усулда шарманда қилувчи видеоларини тарқатиш билан таҳдид қилиб ёки шундай видеоларни интернет орқали эълон қилинганидан кейин ўчириб бериш эвазига фуқаролардан пул талаб қилиш билан шуғулланиб келган. Яъни, келиб тушган мурожаатларни ёритгани учун бир тарафдан маблағ олган бўлса, тайёрланган материалларни ўчириб юбориш учун иккинчи тарафдан пул талаб қилиб келган.
Мисол учун, 2025 йил ноябрь ойида А.Юлдашев ва Д.Нишонов Ғ.Абераевнинг топшириғига кўра, “Чилонзор буюм савдо комплекси” раҳбарияти билан мазкур ҳудуддан дўкон сотиб олган фуқаро ўртасидаги келишмовчилик ҳақида бозор маъмуриятини обрўсизлантирувчи видеолавҳа тайёрлаб, 5 декабрь куни “Taftish.uz” YouTube каналига жойлаштирган.
Ваҳоланки, тадбиркор ва бозор маъмурияти ўртасидаги зиддият аллақачон суд органлари томонидан кўриб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилинган. “Taftish.uz” вакиллари буни жуда яхши билса-да, мурожаатчининг маблағи эвазига бир томонлама материал тайёрлаб, ёритган.
Шундан сўнг Ғ.Абераев С.Ҳамидов орқали бозор маъмурияти билан боғланиб, видеони ўчириб бериши учун 40 миллион сўмни таъмагирлик йўли билан талаб қилган. Эвазига видеодаги ҳолат ўз тасдиғини топмагани тўғрисида “Телеграм” каналда хабар жойлаштиришга ваъда берган.
Таъмагирлик ҳолатини ниқоблаш учун бозор маъмурияти “Taftish.uz” билан 40 миллион сўмга шартнома тузишга мажбурланган. Шу тариқа талаб қилинган маблағдан 10 миллион сўми С.Ҳамидовнинг банк картасига ўтказиб берилган.
Бундан ташқари, М.Эшқувватова, А.Юлдашев ва Д.Нишонов 2025 йилнинг ноябрь ойи бошларида Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи қурилиш фирмаси “Black plast” масъулияти чекланган жамияти фаолияти тўғрисида иккинчи томоннинг маблағи эвазига уйдирма тафсилотлардан иборат видеолавҳа тайёрлаб “Taftish.uz” YouTube каналига жойлаган.
Фирма фаолияти тўғрисида яна иккита видеоҳолатни тарқатиш билан таҳдид қилиб, компания мудири Ҳ.Тўраевни “Taftish.uz” офисига чақиртирган. Бошқа видеоларни чиқармаслик эвазига унга мажбурият юкланган тилхат ёздирилган.
Ишчанлик обрўсида қайғураётган тадбиркордан гуруҳ аъзолари ўз фойдасига алоҳида 60 миллион сўм талаб қилган. Жиноий йўл билан олинаётган пулларни ниқоблаш мақсадида тадбиркор “Taftish.uz” билан шартнома тузишга мажбур қилинган.
Тадбиркор белгиланган муддатда пулни бера олмаганидан кейин жиноий гуруҳ аъзоси М.Эшқувватованинг талаби билан А.Юлдашев ва Д.Нишонов тадбиркорни обрўсизлантирувчи видеоларни ўз каналларида тарқатган.
Чорасиз қолган тадбиркор ушбу видеоларни ўчиртириш эвазига жорий йилнинг 8 январь куни гуруҳ аъзоларидан бирининг банк картасига 30 миллион сўм, 12 январь куни эса яна 30 миллион сўм ўтказиб берган.
“Журналистик суриштирув” баҳонасида, гўёки ҳақиқатни ёритиб, халққа ёрдам бераётганини тинмай важ қилиб кўрсатиб келган бу шахслар, аслида, ўз манфаатлари учун қайғуриб келгани маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур шахслар Жиноят кодексининг 139-моддасида назарда тутилган бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиб, туҳмат қилиш, 168-моддасида назарда тутилган фирибгарлик, 165-моддасида назарда тутилган товламачилик, 244-6-моддасида назарда тутилган ёлғон ахборот тарқатиш жиноятларни содир этганлиги аниқланиб, уларнинг барчаси процессуал тартибда ушланган.
Н.Абдураимова, ЎзА