Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, вазирликлар ва соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Сессия кун тартибидаги “Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳақидаги масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси Ш.Отемисов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун 5 та моддадан иборат бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасининг 2013 йил 5 июлдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 27 мартдаги “Фуқаролар йиғини раисини сайлаш тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сессияда Жўқорғи Кенгеснинг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахбороти, ёшларни илм-фанга қизиқтириш ва илмий фаолиятга жалб этиш бўйича таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди ва қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.