Жондош ва қондош халқнинг азалий алоқалари мустаҳкамланмоқда
Марказий Осиё минтақасида қадимдан ёнма-ён яшаб келаётган ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги муносабатлар чуқур тарихий илдизларга эга.
Икки қардош халқнинг яқинлиги, маданий уйғунлиги ва ҳамжиҳатлиги мамлакатларнинг барқарор ривожланишида муҳим омил ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган тожик миллатига мансуб фуқаролар Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, илмий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда.
Ўзбекистон Конституциясида барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги кафолатланган бўлиб, бошқа халқлар қаторида тожик миллатига мансуб аҳоли учун ҳам ўз тили, маданияти ва урф-одатларини эркин ривожлантириш имконияти яратилган. Ҳозирги вақтда юртимизда 250 дан ортиқ тожик тилидаги умумий ўрта таълим мактаблари фаолият юритмоқда. Термиз, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Чирчиқ каби шаҳарлардаги олий таълим ташкилотларида тожик гуруҳлари мавжуд бўлиб, ёшлар ўз билим ва касбий маҳоратини ошириб келмоқда.
Ўзбекистондаги тожиклар орасида икки тиллилик кенг тарқалган. Улар кундалик ҳаётда ўзбек ва тожик тилларидан бирдек фойдаланади. Ўзбекистонда тожик тилида газета, радио ва телевидение фаолияти йўлга қўйилган. Жумладан, “Овози тожик”, “Овози Самарқанд”, “Ховар” каби нашрлар тожик тилида чоп этилиб, аҳолини долзарб янгиликлар билан таъминламоқда.
Миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашда Республика тожик миллий маданий маркази алоҳида ўрин тутади. Ушбу марказ тожик тили, адабиёти ва санъатини ривожлантириш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида кенг қамровли иш олиб бормоқда.
Жумладан, маданий фестиваллар, адабий учрашувлар ва кўргазмалар мунтазам ташкил этилмоқдаки, бу, халқларимиз ўртасидаги маданий алмашинувни янада кучайтириш, Ўзбекистонда миллатлар тотувлиги, ҳамжиҳатлик борасида изчил ишлар олиб борилаётганини кўрсатмоқда.
Тожикистон ҳудудида яшовчи ўзбеклар аҳолининг салмоқли қисмини ташкил қилади. Ҳисоб-китобларга қараганда, ўзбеклар мамлакатдаги энг йирик этник гуруҳ ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли янги босқичга кўтарилди. Чегара масалалари ҳал этилди. Савдо-сотиқ ва транспорт йўлаклари кенгайди. Очиқ чегара режими жорий этилди. Икки томонлама савдо айланмаси йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Маданий ва таълим ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатлар икки халқнинг азалий алоқалари янада мустаҳкамланишига янгича руҳият бағишлади.
Ўзбек ва тожик халқларининг умумий тарихи, қадриятлардаги ҳамжиҳатлик минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бу биродарликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва якдиллик келгусида янада ривожланиб, фаровон ҳаёт ва барқарор тараққиётга хизмат қилиши муқаррар.
Исмоилжон Хўжахонов,
Ўзбекистон миллий университети илмий ходими
ЎзА