Жиззахда тадбиркорлар хиёбони очилди
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги олдидан Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида “тадбиркорлар хиёбони” иш бошлади.
Президентимизнинг жорий йил 23 январдаги “Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Шароф Рашидов туманида вилоятда биринчилардан бўлиб “Тадбиркорлар хиёбони” ташкил этилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси, Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги раҳбар ва мутасадди ходимлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар иштирок этди.
[gallery-13005]
Маросимда Савдо-саноат палатаси Жиззах ҳудудий бошқармаси бошлиғи Рустам Ҳасанов, Шароф Рашидов тумани ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Маъруф Эргашев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилнинг 2 август куни Президентимиз раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида мутасаддилар зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиқадиган вазифалар хусусида тўхталди.
Ушбу хиёбонда тадбиркорлар учун барча қулайликлар яратилган бўлиб тижорат банклари офислари, инвесторларнинг бизнес лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда “B2B” учрашувлари учун махсус хоналар, “kovorking” фаолияти, шунингдек, Wi-Fi зоналар ташкил этилган.
“Тадбиркорлар хиёбони”нинг ташкил этилиши, ишбилармонлар фаолиятининг янада равнақ топишида муҳим аҳамият касб этади.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА