Жиззахда референдум олди ўқув-машғулотлари бўлиб ўтмоқда
Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида референдум қонунчилиги ва амалиёти юзасидан участка комиссиялари аъзоларининг билим ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида белгиланган жадвал асосида ўқув-машғулотлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон яна бир муҳим сиёсий жараён – референдум бўлиб ўтиши арафасида турибди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида мамлакатимиз Бош Қомусига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш таклифини илгари сурганди.

Шу муносабат билан Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги барча қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида, корхона, ташкилот ва муассасаларида Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси қизғин давом эттирилиб, фуқароларимиз томонидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилаётир. Чунки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори билан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддати жорий йилнинг 1 августига қадар узайтирилди ва ўз навбатида, форишлик турли соҳа вакиллари, фуқаролар, ёшлар Конституциямизнинг ҳаётий ҳужжат сифатида такомиллаштирилишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишга интилмоқда.

Тумандаги референдум бўлиб ўтадиган 58 та участка комиссиялари аъзоларининг билим ва амалий кўникмаларини ошириш, овоз бериш жараёнларининг очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида ўқув-машғулотлари ташкил этилаётир.

Унда малакали ҳуқуқшунос-тренерлар томонидан референдум ўтказувчи участка комиссиялари фаолиятининг ҳуқуқий асослари, ташкилий масалалар, фуқаролар рўйхатини шакллантириш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, овоз бериш кунида комиссия аъзоларининг фаолияти, овозларни санаш жараёнлари, кузатувчилар билан ишлаш каби мавзуларда тингловчилар билан амалий машғулотлар олиб борилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА