Жиззахда мактаб маслаҳатчилари “Заковат”да беллашди
Жиззах вилояти прокурори кубоги учун мактаб маслаҳатчилари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Вилоят прокуратураси ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилган билимлар беллашувида ҳудуддаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ёш педагоглар ва мактаб маслаҳатчилари иштирок этди.
Интеллектуал ўйиндан кўзланган асосий мақсад ёш мутахассисларнинг билим ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, мантиқий ва таҳлилий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, жамоалар ўртасида соғлом рақобат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Беллашув давомида иштирокчилар мантиқий фикрлаш, зукколик ва тезкорликни талаб этадиган саволларга жавоб берди. Туман ва шаҳар жамоалари таркибидаги ёш педагоглар ўз билим ва топқирлигини намоён этиб, саволларга жамоавий ёндашув асосида ечим топишга ҳаракат қилди.
[gallery-31822]
Қизғин кечган баҳслар якунига кўра, Пахтакор тумани жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, Жиззах вилояти прокурори кубоги соҳиби бўлди. Янгиобод тумани жамоаси иккинчи, Ғаллаорол тумани вакиллари эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоаларга вилоят прокурори кубоги, фахрий дипломлар ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА