Мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллиги, тадбиркорлик қобилияти ва жамиятдаги ўрнини юксалтириш мақсадида O‘zLiDeP томонидан анъанавий тарзда ташкил этиладиган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови бугунги кунда эътиборга молик лойиҳалардан бири сифатида кенг жамоатчилик орасида танилган.
Бу йилги танловнинг Жиззах вилояти босқичи ҳам ғоятда қизғин тарзда ўтди. Унинг маҳалла, туман ва шаҳар босқичларида 1000 нафарга яқин фаол аёллар иштирок этди. Уларнинг 386 нафари вилоят босқичига йўлланма олди. Мазкур танлов нафақат рақобат, балки тажриба алмашиш ва янги ғояларни ўртоқлашиш имконини ҳам яратди.
Тантанали тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари Севара Муслимова ва Элмурод Панжиев, партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши раиси Эркин Холматов, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Хақиқий меҳнат, новаторлик ва маҳорати билан алоҳида ажралиб турган иштирокчилар ўртасида ғолибни аниқлаш ҳайъат учун осон кечмади. Кўплаб баҳс ва муҳокамалардан сўнг, Ғаллаорол туманидаги “Shabnam Texstil” МЧЖ раҳбари Гулбаҳор Муротова “Жиззах вилоятининг 2025 йилги энг ишбилармон аёли” деб эътироф этилди.
Зарбдор туманидаги “Зирапча” МЧЖ раҳбари Комила Жўраева иккинчи, Жиззах шаҳридаги “Элсевар Диёр” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Мавжуда Ибрагимова эса учинчи ўринга муносиб деб топилди.
[gallery-25038]
Бундан ташқари, танлов доирасида қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди ва улар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари