Жиззах вилояти хабарлари — қисқа сатрларда
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–февраль ойларида мамлакатимизда жами 175 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Ушбу кўрсаткич саноат тармоғининг иқтисодиётдаги улуши изчил ортиб бораётганини кўрсатади. Ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, Жиззах вилоятида 5,2 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилгани қайд этилди. Бу натижа вилоятда сўнгги йилларда амалга оширилаётган саноатлаштириш сиёсати, инвестиция лойиҳаларининг изчил рўёбга чиқарилиши ва янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилаётгани билан изоҳланади.

Шу билан бирга, кичик саноат зоналари ва эркин иқтисодий ҳудудларнинг фаолияти, тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулай шароитлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда. Янги корхоналарнинг ишга туширилиши аҳоли бандлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
***
Жиззах Самбҳрам университетида “School 21” замонавий IT таълим лойиҳаси жамоаси иштирокида учрашув ташкил этилди.
Унда талабаларга мазкур таълим тизимининг ўзига хос жиҳатлари, жумладан, бепул ва амалиётга йўналтирилган ўқитиш усуллари, саралаш босқичи — “ҳавза” жараёнлари, IT соҳасидаги кенг имкониятлар ҳамда замонавий касблар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, ҳужжат топшириш тартиби ва танлов босқичларида иштирок этиш шартлари тушунтирилди.

Интерактив руҳда ўтган мулоқот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Бу каби учрашувлар ёшларни ахборот технологиялари соҳасига йўналтириш, уларнинг рақобатбардош касб эгаллашига замин яратиши билан аҳамиятлидир.
***
Жиззах вилояти педагогик маҳорат марказида мактабгача ёшдаги болаларни саводга ўргатишга бағишланган ўқув-семинар ўтказилди.
У Амалий фанлар ва мактабгача таълим методикалари кафедраси ҳамда Жиззах давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида ташкил этилди.


Семинарда “Тарбияланувчиларнинг 4К методи орқали саводхонлик кўникмаларини ривожлантириш” мавзуси интерфаол усуллар асосида ёритилди. Тингловчилар гуруҳларда амалий машғулотларда иштирок этиб, замонавий педагогик ёндашувлар билан танишдилар. Савол-жавоблар жараёнида иштирокчиларни қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.
Бундай тадбирлар тарбиячиларнинг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда.
***
Жиззах шаҳрида “Tarannum milliy fashion show” тадбири доирасида миллий либослар намойиши бўлиб ўтди.

У вилоят ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди. Намойишда миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган бетакрор либослар тақдим этилди. Ҳар бир либос халқимизнинг бой маданий мероси, урф-одатлари ва эстетик қарашларини ўзида мужассам этгани билан эътибор молик бўлди.


Тадбир миллий либослар, анъаналарни кенг тарғиб қилиш, айниқса, ёшлар ўртасида миллий қадриятларга ҳурмат ва қизиқишни оширишга хизмат қилди.
***
Жиззах шаҳрида “Талаба лигаси” доирасида олий таълим муассасалари талаба-қизлари ўртасида волейбол мусобақалари ўтказилди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда жамоалар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги ва жамоавий ўйин маҳоратини намоён этдилар.
Волейбол спорт тури ёшлар ўртасида оммалашиб бораётгани, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этишда муҳим ўрин тутаётгани яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Мусобақа якунига кўра, 1-ўринни Жиззах давлат педагогика университети жамоаси қўлга киритди. 2- ва 3-ўринлар Жиззах политехника институти ҳамда Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали жамоаларига насиб этди.

Мазкур спорт тадбири талаба-қизлар ўртасида жамоавийлик руҳини мустаҳкамлаш ва спортга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА