Жисмоний имкониятнинг чекланиши натижага таъсир қилмайди
Бунга Қашқадарёлик ака-ука Алишер ва Рустам Раҳмонoвларнинг фаолияти яққол мисол. Қарши шаҳридаги Хонтепа маҳалласида яшовчи ака-ука иккаласи ҳам I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатида туришади. Масалан, Алишер Раҳмонов деярли 30 йил давомида уйдан чиқмаган.
Лекин улар болаликдан шахмат ўйинига жуда қизиқар ва бу борада анчагина муваффақиятга ҳам эришган. Жисмоний имконияти чеклангани боис бу иқтидорларини рўёбга чиқаришга қийналар эди. Маҳалладаги ижтимоий ходим эса ака-уканинг муаммолари ва қизиқишларини ўрганар экан, ёрдам қўлини чўзадиган бўлди.

Натижада ижтимоий ходим кўмагида фуқароларнинг оилавий даромад манбаига эга бўлишлари учун мини лойиҳа асосида “Шахмат клуб” очишга кўмаклашилди. Ҳозирда ушбу шахмат тўгарагига 20 нафарга яқин ўқувчи ёшлар жалб этилди.

Шунингдек, кейс менежмент асосида уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминлаш мақсадида бир нечта хизматлар режаси тузилди.

Жумладан, соғлиғини тиклаш мақсадида тиббий кўрикдан ўтказилди, ҳар иккаласи ҳам электрон аравaча билан таъминланди, санаторийга йўлланма берилди, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан даволанишлари учун маблағ ажратилди. Табиий газ ҳамда электр энергияси бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмоли учун компенсация тўлаб бериш бўйича ариза киритилди ҳамда иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бериладиган бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

Ҳар жабҳада ҳукуматнинг эътибор ва ғамхўрлигини ҳис қилган ва бундан миннатдор бўлган ака-ука Раҳмоновларнинг орзулари ушалди, келажакка бўлган умидлари қайтадан уйғонди. Жисмоний имкониятнинг чекланиши натижага таъсир қила олмаслигини исботлашди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири