“Жиноят омиллари” модули яратилади
Давлатимиз раҳбарининг “Криминология соҳасида илмий-амалий тадқиқот ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан Президент фармони билан ташкил этилган Криминология тадқиқот институтининг криминология соҳасида илмий-амалий тадқиқот ишларини ташкил этишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Хусусан, институт жиноятчилик, шу жумладан, латент жиноятчилик тенденцияларини тизимли равишда таҳлил ва прогноз қилиш, салбий тенденцияларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича мақсадли чора-тадбирларни ишлаб чиқади.
Жиноятнинг асл омилларини комплекс илмий диагноз асосида аниқлаб, криминологик фаолиятга сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологияларни жорий этиб боради.
Институт криминология соҳаси бўйича таянч илмий ташкилот ҳисобланади ҳамда криминологик фаолиятни экспертлик ва илмий таъминлаш ишларини ваколати доирасида мувофиқлаштиради.
Институтнинг илмий таркиб лавозимлари юридик, психология, социология, педагогика, техника, иқтисодиёт, тиббиёт ва география соҳалари бўйича илмий даражага эга бўлган кадрлар билан жамланади.
Институтга илмий-амалий тадқиқотлар жараёнига шартнома асосида, шу жумладан, етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасаларидан юқори илмий-таҳлилий маҳоратга эга мутахассисларни бир йилгача муддатга жалб этиш ва меҳнат бозори конъюнктурасини инобатга олган ҳолда уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш ҳуқуқи берилади.
2024 йил 1 июлгача илмий диагноз асосида жиноятчилик омилларини аниқлаш механизмларини назарда тутган ҳолда “E-jamoat havfsizligi” ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг “Jinoyat omillari” модули яратилади.
Н.Абдураимова, ЎзА