ЖДПУда халқаро конференция бўлди (+видео)
Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университети ташкил этилганлигининг 50 йиллик тантаналари доирасида халқаро конференция ҳам бўлиб ўтди.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан ташкил этилган ушбу икки кунлик анжуман “Таълимни ривожлантириш стратегияси: қадриятларга асосланган тараққиёт” мавзусига қаратилди.
Тадбир иштирокчилари учун олий ўқув юрти ҳовлисида ЖДПУ талабаларидан ташкил топган чолғу ансамблининг концерт дастури ҳамда талабалар –ёш рассомлар асарларининг кўргазмаси намойиш этилди.
Халқаро конференцияда 22 давлатдан 100 дан ортиқ олим ва профессор-ўқитувчи иштирок этди. Анжуман иштирокчилари, дунёнинг “Топ-10”талигига кирган, жумладан, ушбу рейтингда учинчи ўринда турувчи Буюк Британиянинг Оксфорд, тўққизинчи поғонани эгаллаб турган Лондон Коллеж университети, шунингдек, Янги Зеландиядаги Окленд, АҚШнинг Пенсилвания давлат олий ўқув юртлари ва бошқа хорижий ҳамда МДҲ давлатлари олий таълим муассасалари олим ва профессорларининг маърузаларини катта қизиқиш билан тинглади.
[gallery-19523]
“Глобаллашган дунёда қадриятларга асосланган таълим парадигмалари”, “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида таълим мақсадлари”, “Инновация ва тадқиқотга асосланган олий педагогик таълим”, “Тўртинчи саноат инқилобининг таълим жараёнларига трансформацияси”, “Таълим соҳасида кенг илмий ёндашувли ва прогрессив илғор технологиялар”, “XXI асрда чет тилларни ўқитиш ва амалий тилшунослик (FLTAL)” каби долзарб мавзулардаги маърузалар тадбир қатнашчиларининг диққат марказида бўлди.
Илмий- тадқиқот ишлари олиб бораётган ва шу йўналишга қизиқиш билдирган барча даражадаги тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчиларни бирлаштиришга, назария ва амалиёт ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ҳамда тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича турли нуқтаи назарларни ўрганишга қаратилган конференцияда барча хорижлик олимларга университетнинг 50 йиллик тантаналари муносабати билан эсдалик совғлари топширилди.
Озарбайжон давлат педагогика университети проректори Моҳира Ҳусейнова Жиззах давлат педагогика университети ректори Шавкат Шариповга Озарбайжон давлат педагогика университетининг фахрий доктори унвонини тантанали равишда топширди. Ўз навбатида Жиззах давлат педагогика университети ректори ҳам Моҳира Ҳусейновага Жиззах давлат педагогика университети фахрий доктори унвонини тақдим этди.
– Биз бир туркий қардош халқмиз, бизнинг тилимиз бир, аслимиз бир, динимиз бир, дилимиз ва мақсадларимиз бир. Икки мамлакат раҳбарларининг икки туркий қавм – ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги амалга оширилган саъй- ҳаракатлари жуда буюк иш бўлди. Ўзбекистондаги бугунги олий таълим муассасалари, ушбу Жиззах давлат педагогика университети ва унда ташкил этилган халқаро анжуман менда жуда яхши ва чуқур таассурот қолдирди. Бутун дунё олимларини жамлаган, халқаро конференция ўтказаётган Жиззах давлат университетида талабаларининг мукаммал таҳсил олиши ва профессор-ўқитувчиларнинг етук сабоқ бера олиши учун яратилган ажойиб шарт-шароитларни алоҳида эътироф этган бўлардим. Ушбу конференция турк дунёси маркази саналмиш Ўзбекистонда бўлиб ўтаётгани ва ана шу туркий халқларнинг бир вакили сифатида унда менинг ҳам иштироким мен учун катта фахр деб ўйлайман.
–Бутун дунё нафақат илмни, маданиятни, одобни, ўзаро қардошликни, қолаверса, меҳмоннавозликни ҳам бизнинг туркий элларимиз – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва бошқа туркий давлатлардаги қардошларимиздан ўрганишсин ва бугунги ушбу университетда ўтган конференция айнан шу жараённи тўла намоён эта олди.Туркий дунё илмини жаҳонга кўз-кўз қилаоладиган аъло даражадаги анжуманни ташкил эта билганлари, самимий меҳмондўстликлари учун университет ректори ва бутун олийгоҳ жамоасига ўз миннатдорчилигимни билдираман, – деди Озарбайжон Миллий илмлар академияси Кавказшунослик институти, Турон академияси Ўрта Осиё ва Кавказ кафедраси сиёсатшунослик фанлари доктори Роҳила Бобоева.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TOCSfu01r1E" title="JDPUda xalqaro konferensiya boʻldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– Ушбу Жиззах давлат педагогика университетида бўлиб ўтган халқаро конференция менда жуда катта таассурот қолдирганини алоҳида қайд этган бўлардим. Мазкур тадбир орқали мен янги ҳамфикр дўстлар ортирдим. Ушбу университет билан ҳамкорлик қилиш учун янги ғоялар туғилди. Биз ўз тажрибамизни улар билан бўлишдик ва ўз навбатида конференция иштирокчиларидан кўп нарсаларни ўргандик, кўп янгиликларни билиб олдик. Ўрганган янгиликларимиз, янги ғояларни бориб, албатта ўзимизда татбиқ этамиз. Конференция жуда ажойиб ўтди.
–Бизни очиқ чеҳра, хуш таббасум билан кутиб олишди. Ширин муомала, ўзига хос шарқона гўзал маданият эгаси эканларини намоён этишди. Айниқса, университет ўқитувчи ва талабаларининг инглиз тилида эркин сўзлаша билиши биз учун, тўғриси, жуда ҳайратланарли бўлди. Ва, албатта, гўзал ва ўзбекларга хос бўлган меҳмондўстлик бизга жуда манзур бўлди. Барча-барчаси учун раҳмат, – деди Лондон Коллеж университети профессори Жим Маккилэй.
– Университетимизда “Таълимни ривожлантириш стратегияси: қадриятларга асосланган тараққиёт” мавзусида 2 кунлик халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтгани биз учун фахрлидир. Бу анжуманимизнинг асосий мақсади “Ўзбекистон – 2030” стратегияси концепсиясини амалга оширишдир. Ушбу масаланинг долзарблиги ана шу конференцияга дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатидан кўплаб маърузачилар, экспертлар қизиқиш билдириб, ташриф буюргани билан белгиланади. Жумладан, Буюк Британия, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Янги Зелландия, Озарбайжон ва бошқа кўплаб давлатлардан келган экспертлар бугунги анжуманимизда маърузачи сифатида иштирок этиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этган ҳолда ўзларининг керакли тавсияларини ҳам баён этишди. Ўйлаймизки, мана шу билдирилган фикрлар, муносабатлар Ўзбекистондаги таълим ислоҳотлари янада ривож топишида муҳим аҳамият касб этади. Бугунги анжуманимизнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири Жиззах давлат педагогика университети ташкил этилганининг 50 йиллигига бағишланганлигидир. 50 йил давомида университетимиз миллий қадриятларимизга асосланган ҳолда изчиллик билан ривожланиб келганлиги ва ўз тараққиёти давомида кўплаб босқичларни босиб ўтганлиги тадбир давомида яна бир бор таъкидланди. Ушбу жараёнда олийгоҳимизнинг халқаро алоқалари ривожланиб бораётганлиги халқаро экспертлар томонидан эътироф этилди, – деди ЖДПУ ректори, профессор Шавкат Шарипов.
Муҳокамалар, баҳс-мунозараларга бой ўтган конференция ўз ишини шуъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди.
Бир неча хорижий ва МДҲ давлатларидаги олий ўқув юртлари билан меморандумлар имзоланди.
Кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди ва конференция материалларини тўплам шаклида чоп этишга келишиб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат, видео), ЎзА мухбирлари