“ЖЧ–2026”: осон эмас бу майдон ичра турмоқ...
Футбол жамоамиз жаҳон чемпионатига бориб келди. Қандай келдик? Гол урдик 2 та. Колумбия, Конга дарвозасини ишғол этдик. Анча-мунча гол ҳам ўтказиб юбордик дарвозамиздан. Ўзбекча “меҳмондўстлик”ни кўрсатдик. Энди бу биринчиси-да. Мундиал ҳавосидан илк бор нафас олдик. Ахир, Марказий Осиё давлатлари орасида фақат биз биринчи бўлиб, АҚШ, Мексика ва Колумбияда ўтказилаётган жаҳон биринчилигида иштирок этдик. Гапни чўзмасдан футболчиларимиз учта ўйинда мағлубиятга учраганини гапирмайсизми, деяпсизми? Шошманг, айтаман. Майдон текис, тўп юмалоқ. Йигитларимиз бор кучини берди, ортида Ўзбекистон деган давлатнинг 38 миллионлик аҳолиси турганини, улар ғалабага интиқ эканини ҳам яхши биламиз. Аммо ғалаба ҳар доим ҳам келавермайди. Унинг учун қанча захмат чекиш кераклигини биласизми? Айтмоқчиманки, бугун ютқаздик, кейинги гал албатта, ютамиз.
Аслида футбол дегани бу ор-номус, Ватан шаъни! Гоҳида у алам, изтироб ва тушкунликка ҳам айланади. Кўпинча биз мағлубият сабабларини ўйинчилар ва мураббийдан ахтарамиз. Аслида ундай эмас, мағлубият ғалаба учун ташланган қадам. Демак ғалаба учун ташланган қадамимиз аламли ва изтиробли чиққан бўлса, буям бизнинг ютуғимиз. Эртага янада яхшироқ ўйнаш учун ўзимизнинг камчиликларимизни билиб олдик. Кейинги босқичга бир биз эмас, Кория, Эрон, Қатар, Иордания ҳам чиқа олмади. Фақат Япония бу ишни уддалади. Дарвоқе, Япония мундиалга илк бор қатнашганида худди биз каби учта ўйинда ҳам мағлубиятга учраган. Шунда ҳеч ким футболчиларни айбламаган. Ҳамма айб ўзимизда, футбол инфратузилмасида, тизимда дейишган ва болалар футболини ривожлантиришга катта эътибор қаратишган. Бунинг самарасида бугун Японияда футбол жадал суръатларда ривожланмоқда.
Мундиал – кашфиёт. Ёш, навқирон футбол юлдузларининг зуваласи жаҳон майдонида пишийди. Мураббийлар назарига тушади, футбол ихлосмандларининг севимли ўйинчисига айланади. 48 мамлакатдан келган футбол жамоалари орасида ёш ва навқирон футболчимиз Аббосбек Файзуллаев финтларига, ғайрат-шижоатига кўпчилик қойил қолди. Баъзи мураббийлар уни ўз клубида кўришни ҳам орзу қилишди. Аббосбекнинг истеъдоди қирралари шу мундиалда янада ёрқинроқ намоён бўлди. Демак мундиал биз учун фақат иштирок этиш эмас, ўзбек ёшларининг дунёда ўзини кўрсатиши учун синов майдони ҳам бўлди.
Ўзбекистон терма жамоасининг 18 ёшли ҳимоячиси Беҳруз Каримов ҳам мундиалга бежизга бормаганини амалда исбот қилди. У ўз ўйинлари билан европалик мураббийлар эътиборини тортди Футболчининг Колумбия ва Португалияга қарши ўйинида унинг техникаси ва ишончли тўп суриши алоҳида эътироф этилди. Икки учрашув якунларига кўра, Каримов 15 та тўсиқ, 34 та якка кураш ва 6 та муваффақиятли дриблингни қайд этиб, хориж клубларида қизиқиш уйғотди. Ижтимоий тармоқларда мухлислар унга “Баракалла, ўғлим! Қойил, Роналдога бас келдинг, жонинг омон бўлсин, азиз болажоним!” дея пост қолдиришди. Буям бир натижа эмасми, аслида? Буям ёш футболчиларимизнинг жаҳон майдонида кўрсатган қаҳрамонлиги эмасми? Натижадан кўз юмиб, йигитларимизнинг ўйинига эътибор қаратадиган бўлсак, улар шаънига “тахир” гаплар айтишга ҳаққимиз йўқ. Сабаби мундиал ҳарорати жуда баланд, у ерда тўп тепиш, осон эмас. буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз айтганидек, “Осон эмас бу майдон ичра турмоқ”.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг зўр тўпурари ва сардори Элдор Шомуродов Конго билан учрашувда ўз вазифасини уддалади. У чиройли зарба билан ҳисобни очди ва Ўзбекистонга ғалаба умидини бағишлади. Биринчи бўлимда Шомуродов прессингда фаол иштирок этди, уч марта тўпни тортиб олди ва жамоасига ҳар томонлама ёрдам берди. У иккинчи бўлим бошидаги яхши имкониятдан фойдалана олмади. Агар Ўзбекистон иккинчи бўлимда ҳам ҳужумкор ўйин намойиш этганида Шомуродовда яна голли вазиятлар юзага келиши мумкин эди. Футболчиларимиз оёғига тўп тушганда мухлисларнинг юраги янада тезроқ урди, бир юрак бўлиб урди зарблар. Демак футболимиз ору номусимиз, шаънимиз ва қадр қимматимиз. Бошқача айтсак, футбол одамларни бирлаштиради, Ватанни севишга, юртга садоқат кўрсатишга ундайди. Айтмоқчиманки, мағлуб бўлганда ҳам, ғалаба қозонганда ҳам ҳақиқий мухлис ҳеч қачон терма жамоадан воз кечмайди. Қайғусигаям, қувончига ҳам шерик бўлади.
Мухлислар билан гаплашсангиз, улар бу мундиал биринчиси бўлди, ҳали кейинги жаҳон чемпионатларида футболчиларимиз нимага қодир эканини, албатта, кўрсатишади, дейишмоқда. Чунки мамлакатимизда футболга эътибор кучли, энди янада кучаяди. Ғалабалар ҳали олдинда. Биз бунга ишонамиз,
Фахриддин Бозоров,
журналист.
ЎзА