Жазирамага қарши яшил сафарбарлик
Ёзнинг энг синовли кунлари бошланди. Осмондан олов ёғилаётгандек. Ҳаво ҳарорати 45 даража атрофида тебранаётган паллада инсон ҳам соя ва салқинликка интилади. Энди тасаввур қилинг: илдизи ҳали ерга мустаҳкам ёпишиб улгурмаган ёш ниҳол учун бундай иссиқлик қандай синов?
Бугун бир туп дарахтни ўз вақтида суғориш — шунчаки агротехник тадбир эмас. Бу эртанги мусаффо ҳавони, соя-салқин кўчаларни, экологик барқарорликни ва келажак авлод нафас оладиган яшил муҳитни асраш демакдир. Шу маънода ҳар бир томчи сувнинг қадри, ҳар бир меҳнаткашнинг хизмати беқиёс.

Гидрометеорология хизмати маълумотига кўра, юртимизга жанубдан кириб келган ўта иссиқ ҳаво оқими таъсирида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 44–46 даражагача кўтарилмоқда. Ана шундай шароитда кўкаламзорларни сақлаб қолиш, янги экилган кўчатларни қуриб қолишдан асраш ва шаҳар ҳамда қишлоқларда қулай микроиқлимни таъминлаш долзарб вазифага айланди.
Жиззах вилоятида бу вазифа амалда ўз ифодасини топмоқда. Вилоятнинг шаҳар ва туманларида кўчатлар, дарахтзорлар, газонлар ҳамда йўл ёқаларидаги яшил ҳудудлар белгиланган график асосида эрта тонг ва тунги соатларда мунтазам суғорилмоқда. Зеро, экилган ҳар бир ниҳолни сақлаб қолиш — уни экишдек масъулиятли иш.

Айниқса, вилоят марказида махсус техникалар ёрдамида асосий кўчаларга мунтазам сув сепилмоқда. Бу асфальт қопламасининг ортиқча қизиб кетишини чеклаш билан бирга ҳаводаги иссиқлик таъсирини юмшатиш, чанг миқдорини камайтириш ва шаҳарда қулай экологик муҳитни сақлашга хизмат қилмоқда.
Шароф Рашидов туманида Жиззах–Пахтакор–Тошкент автомобиль йўлини боғловчи йўл ўтказгичи атрофида барпо этилган яшил ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилган. Эрта тонгдан “Жиззах йўлкўкалам” давлат муассасаси ходимлари Д050 автомобиль йўлининг 8–9-километрларидаги дарахтларни мунтазам суғориб, уларнинг соғлом ўсиши учун зарур шароит яратмоқда. Айни пайтда суғориш тизимини янада такомиллаштириш ишлари ҳам изчил давом этмоқда.

Зомин туманида эса меҳнат жазирамага бўйсунмаяпти. “Йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси ходимлари тунги сменада газонларни парваришлаб, майсаларни ўриб, дарахт ва кўчатларни суғормоқда. Экология бўлими ташаббуси билан йўл четларидаги дарахтзорлар, гулзорлар ҳамда қабристонлар атрофидаги ёш ниҳолларни муҳофаза қилиш чоралари ҳам кучайтирилган.
Жазирама шароитида Зомин миллий табиат боғида ҳам табиатни муҳофаза қилиш ишлари алоҳида назоратга олинган. Табиий сув манбалари асраб-авайланмоқда, ёввойи ҳайвонлар ва қушлар учун қўшимча сув ичиш нуқталари ташкил этилган. Шунингдек, ўрмонларда ёнғин хавфининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар янада кучайтирилган.

Дўстлик туманида экология бўлими ва ободонлаштириш бошқармаси ҳамкорлигида ҳар куни эрталаб йўл ёқаларига экилган кўчатлар суғорилмоқда. Бу жараёнга жалб этилган ҳар бир махсус техника орқали юз тоннагача сув етказилиб, ниҳолларнинг ҳаётбахш намлик билан таъминланишига эришилмоқда.
Пахтакор туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатлар, асосан, кечки ва тунги соатларда суғорилмоқда. Мутахассислар таъкидлаганидек, айнан шу вақтда берилган сув камроқ буғланади, намлик илдиз қатламига чуқурроқ сингиб, кўчатнинг барқарор ўсишини таъминлайди.

Фориш туманида ҳам кўкаламзорларни асраш ишлари изчил давом этмоқда. Хусусан, “Учма” маҳалласидаги 17-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳудудидаги дарахтлар кечки пайт тўлиқ суғорилди.
Жиззах вилояти “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган 1330 туп павлония кўчатини доимий парваришга олган. Улар белгиланган график асосида мунтазам суғорилиб, соғлом ривожланиши таъминланмоқда.

Пахтакор туманидан Учтепага чиқиш йўлидаги, “Навбаҳор” СИУга ўтиш йўл ўтказгичи остида жойлашган экин майдонларида ҳам суғориш ишлари режа асосида ташкил этилган. Бу ерда сув ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, ҳар бир жараён устидан доимий назорат ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эътиборлиси, бугун Жиззах вилоятида дарахтларга сув бераётган инсонлар аслида келажакка ҳаёт бағишламоқда. Чунки дарахт бир кунда вояга етмайди. Уни экиш қанчалик муҳим бўлса, уни асраб-авайлаш, айниқса ана шундай жазирама кунларда ўз вақтида суғориш ундан ҳам муҳимдир. Бир туп дарахтнинг сақланиб қолиши келажакда юзлаб инсонларга соя, минглаб нафасларга тоза ҳаво улашади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳам фақат кўчат экиш билан эмас, балки унинг ҳар бирини кўз қорачиғидек асраб, парваришлаб, улкан дарахтга айлантириш билан намоён бўлади. Жиззах вилоятида бу борада амалга оширилаётган тизимли ишлар ана шу юксак масъулиятнинг амалий ифодаси бўлиб, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳоли учун соғлом муҳит яратиш ва келажак авлодга янада яшил, янада обод Ватанни мерос қолдиришга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири