Жарқўрғонда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун сайёр қабул ўтказилди
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мурожаатларини ўрганиш, мавжуд муаммоларга жойида ечим топиш ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида оммавий сайёр қабул ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари – Ҳарбий прокурор Қаҳрамон Исроилов ҳамда Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг масъул вакиллари иштирок этди.
Дастлаб ўтказилган очиқ мулоқотда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, улар учун яратилган имкониятлар, қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва улардан фойдаланиш тартиби юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ҳарбий пенсионерлар ва ёшларнинг мурожаатлари тингланди. Фуқаролар томонидан кўтарилган масалалар масъуллар иштирокида батафсил ўрганилиб, айримларини жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Қўшимча ўрганиш ва муайян вақт талаб этадиган мурожаатлар эса тегишли тартибда назоратга олинди.
Шунингдек, қабул давомида фуқароларга ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мурожаатларни қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқиш, уларнинг ижросини таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-32016]
Сайёр қабул доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Ташкил этилган меҳнат ярмаркасида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва ёшларга мавжуд бўш иш ўринлари таклиф этилди. Иш излаётган фуқароларга бандлик имкониятлари юзасидан маълумотлар берилди.
Бундай сайёр қабуллар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли мурожаатларини бевосита ўрганиш, давлат идоралари билан фуқаролар ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кўтарилган масалаларга амалий ечим топишда муҳим аҳамият касб этади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА