Жанубда зарарли чигирткалар урчиши жиловланмоқда
Дунёда иқлим ўзгариб, қурғоқчиликнинг ортиши ҳар йили айрим минтақаларда зарарли чигирткаларни кўпайтириб, турли экин ва чорва яйловларига жиддий талафот етказаётгани кузатилади. Мамлакатимизда бу ҳолатнинг олдини олиш учун зарарли чигирткалар ўчоғи ўрганилиб, уларга қарши зарур кимёвий чора кўрилаётгани ўз самараларини бермоқда.
Сурхондарё вилояти чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати ходимлари ҳам баҳор нафаси эсиб, кунлар исий бошлаши билан яйлов ҳудудларда зарарли чигирткалар тарқалишининг олдини олиш, уларнинг ўчоқларини аниқлаб, қарши курашиш юзасидан белгилаб олган чора-тадбирлари доирасида муайян ишларни амалга оширмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, чигирткалар қишлоқ хўжалиги учун энг хавфли зараркунандалардан бири саналади. У тўда бўлиб ҳаракатланиб, йўлида учраган барча ўсимликлар, жумладан, арпа, буғдой, маккажўхори, беда, ғўза ва полиз экинларини жуда тез еб, қишлоқ хўжалигига жиддий таҳдид солади. Яйловлардаги ўсимликларни нобуд қилиб, чорвачиликка зарар етказади.
Воҳада белгилаб олинган режага мувофиқ, туман ҳокимлари ва чигирткага қарши курашиш агроном-мутахассислари ҳамкорлигида ҳудудларда зарарли чигирткалар тарқалишини аниқлаш, уларга кимёвий қарши курашиш тадбирларини амалга ошириш учун етарли ишчи кучи, техникаларни жалб этиш, чигирткалар ўчоқларини кимёвий ишлов ёрдамида йўқотишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишларни ўз вақтида амалга ошириш учун жойлардаги алоқадор масъуллар ва барча тоифадаги фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳам жалб этилаётир.

– Мамлакатимизнинг жанубдаги воҳасида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик етакчи тармоқлардан бири, – дейди вилоят чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бошлиғи Даврон Тангиров. – Ҳудудларга чигирткалар асосан тоғолди ва тоғ зоналаридаги техникалар юра олмайдиган жойлардан кириб келиш хавфи мавжуд. Шунингдек, қўшни давлатлар чегарасидан ҳам ўтиб келиш ҳолатлари учрайди. Вилоятда зарарли чигирткалар урчишининг олдини олиш учун жойларда 11 та отряд тузиб, махсус дислокация асосида жойлаштирдик. Етарли махсус техника ва кимёвий препаратлар билан таъминланди. Жумладан, 48 та моторли қўл аппарати, 5 та “ОВХ-600”, 19 та “ВП-1” пуркагичи, 12 та “Исузу” пикап автомашинаси, кузатув назорат ишларини олиб бориш учун 12 та мотоцикл, юздан ортиқ малакали ишчи-ходим бириктирилди. Кузатув ишлари янада кенгайтирилиб, зарарланган ҳудудларни тўлиқ қамраб олиш, техника ва ишчи кучларини оптимал тақсимлаб, кимёвий ишловларни белгиланган муддатларда сифатли амалга оширишга жиддий аҳамият берилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозиргача вилоятда 23 минг 290 гектар яйлов майдони кузатувдан ўтказилиб, 8 минг 811 гектар ерда зарарли чигиртка тарқалиш хавфи борлиги аниқланган. Бу ҳудудларда чигирткалар зичлиги бир метр квадрат майдонда ўртача 100-180 донани ташкил этгани қайд қилинган. Бу ҳолат уларнинг фаол ривожланиш босқичида эканини кўрсатади. Чигирткалар билан зарарланган ҳудудларда тезкор чоралар кўриш учун кимёвий препаратлар қўлланилиб, шу кунгача 7 минг 330 гектар майдонга сифатли ишлов берилди. Ёки бир кунда ўртача 958 гектар майдонда зараркунандалар тарқаб кетишига чек қўйилмоқда. Кимёвий ишлов берилган майдонларнинг 1 минг 335 гектари моторли қўл пуркагич, 502 гектари “ОВХ-600”, 2 минг 741 гектари “ВП-600” пуркагичи, 2 минг 702 гектари “УЛВ-1200” пуркагичи ёрдамида амалга оширилди.

– Вилоятда ҳозирча зарарли чигирткалар тарқалиш хавфи Денов, Узун, Шўрчи ҳамда Қумқўрғон туманлари ҳудудларида мавжудлиги аниқланиб, ўз вақтида зарур чора кўрилмоқда, – дейди Д.Тангиров. – Бу ҳудудларда чигирткалар сони нисбатан кўп бўлгани сабабли техника ва бошқа кучлар кўпроқ жалб этилиб, ишлов ҳажми кенгайтирилмоқда. Тўғри мониторинг ва ўз вақтида берилаётган кимёвий ишловлар воҳада зарарли чигирткалар тарқалишини жиловлаш, уларнинг кўпайиш ўчоқларини бартараф этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари ва яйловларга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тажрибали мутахассислар Денов туманидаги Ислиқи, Аламжаҳон, Лупон , Чўнтош ҳудудларида 3 минг 400 гектар майдонда кузатув назорат ишларини олиб бориб, 1 минг 335 гектар майдонда зарарли чигирткалар тарқалганини аниқлади ва ўз вақтида зараркунандалар ёйилиши бартараф этилди. Узун туманининг Серҳаракат, Файзаво, Хурсанд, Дазира, Оқмачит, Малик ҳудудларидаги 6 минг 875 гектар майдоннинг 2 минг 641 гектарига чигиртка тарқалаётгани аниқланиб, сифатли кимёвий ишлов берилди. Шўрчи туманидаги Бештом, Хушчека, Тақирни ҳавори, Беш том, Озод, Лайлакхона, Қумқўрғон туманининг Саён, “Ферма 2”, “Ферма 3” ҳудудларидаги зарарли чигирткалар ўчоқларига ишлов берилиб, тарқалиш хавфи тўлиқ бартараф этилди.
Вилоятда зарарли чигирткалар тарқалишини жиловлашга қаратилган самарали ишлар қишлоқ хўжалиги экинларининг бир маромда ривожланиши, яйлов ва пичанзорлардаги ўт-ўланлар беталафот, бир текис униб-ўсишига хизмат қилмоқда, барқарор вазият сақланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири