Жамоатчилик кенгаши сайланди
“Ўзархив” агентлигининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат бошқаруви органлари, ҳўжалик юритувчи субъектлар, давлат ва нодавлат, нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ҳузуридаги Архив иши масалалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг янги таркибини ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ҳузуридаги Архив иши масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши низомини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Мазкур фармонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хисса қўшиб келаётган нодавлат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳада ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлашга эътибор қаратилган.
Маълумки, Президент фармони билан 2018 йилда давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашларининг фаолиятини ташкил этиш ва унинг намунавий низомлари қабул қилинган эди. Унга кўра, ҳар уч йилда давлат органи раҳбарининг таклифига биноан Жамоатчилик кенгашининг таркиби қайта кўриб чиқилиб, тасдиқланиши лозимлиги билдирилган. 4-мартда қабул қилинган фармон эса, Жамоатчилик назоратини тизимли ташкил этишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада оширди.
Фармонга кўра, 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш концепцияси, концепциянинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари кўрсатилди.
Ҳар бир давлат органи ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари таркибига нодавлат нотижорат ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини киритиш белгиланди.
Эндиликда давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашларининг ишчи органи сифатида давлат органининг матбуот хизмати ёки жамоатчилик билан алоқалар бўлими бириктирилмоқда.
Жамоатчилик назоратини ташкил этиш борасида “Шаффоф хайрия” ягона интерактив порталининг ташкил этилиши, ҳудудларда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”нинг барпо этилиши фармон билан белгилаб берилди.
Мазкур фармоннинг ижросини таъминлаш ҳамда мазмун- моҳиятини кенг аҳолига тушунтиришда архивчилар ва нодавлат ташкилотларининг ҳам ҳамкорлиги йўлга қўйилган.
Хусусан, “Йўл харитаси” бўйича мазкур фармон барча давлат архивларида чуқур ўрганиб чиқилди, муҳокама қилиниб, жамоатчилик назоратини ташкил этишга барча имконият яратилмоқда. Фуқаролар билан мулоқотнинг янги шакллари, услублари ишлаб чиқилмоқда.
Эндиги навбат эса, тизимда Жамоатчилик кенгаши фаолиятини йўлга қўйишдир. Жамоатчилик кенгашининг янги таркиби тасдиқланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА