Жамоатчилик кенгаши нима вазифани бажаради?
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузурида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган Жамоатчилик кенгаши фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу кенгаш 2023 йил 20 январда қабул қилинган “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида тузилди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи ўринбосари подполковник Шокир Садиков сўзга чиқиб, Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг ташкил этилиши ички ишлар органлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутиб, ҳар бир ходимда ўз ишига масъулият ортиши, юртга дахлдорлик туйғуси шаклланишига хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати катта инспектори Зафар Хайриев Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ва ваколатлари билан таништирди.

– Президент қарорида ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва тизимли мониторинг олиб бориш Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган, – дейди З.Хайриев. – Шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ижтимоий фикр ва жамият манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш чораларини кўриш, ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиш ва унинг натижасини кенг жамоатчиликка етказиш ҳам кенгашнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Тадбирда Жамоатчилик кенгаши раиси этиб Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Акром Муқимов тасдиқланди. Шунингдек, кенгаш аъзолигига ОАВ вакиллари билан бир қаторда фан ва маданият, нодавлат ташкилот вакиллари, олимлар ҳамда тизим фахрийлари қабул қилинди ва уларга Навоий вилояти тажрибаси сифатида махсус кўкрак нишони ҳамда бейжиклар тақдим этилди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар учун бошқармада пресс-тур ташкил этилди. Кенгаш аъзолари “Вазиятлар маркази”, музей ҳамда кутубхонада бўлишди.
– Бошқармамизда ҳудудлардаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш, видеокузатув воситаларини ўрнатиш орқали криминоген вазиятни тўлиқ назоратга олиш мақсадида “Вазиятлар маркази” ташкил қилинган, – дейди вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари Улуғбек Назаров. – Бу ерда жиноят содир этилиши мумкин бўлган, аҳоли гавжум жойларга ўрнатилган замонавий IP-видеокузатув камералари, шунингдек, шахсни юз тузилиши, автомобилларни давлат рақамлари орқали таниш имконини берувчи камералар, таълим муассасаларига ўрнатилган овоз ёзувчи камералар орқали назорат олиб борилмоқда.

Айтиш мумкинки, бошқармада ташкил этилган музей ва кутубхона иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Музейдан турли йилларда ички ишлар вазири, вилоят ИИБ бошлиғи бўлган раҳбарларнинг фотолари, улар ҳақидаги маълумотлар, қурол-аслаҳалар, ички ишлар органлари ходимлари кийимлари, погонлар, орден-медаллар ва бошқа бир қанча буюмлар жой олган бўлса, кутубхона ўзгача кўринишга эга. Хонанинг алоҳида жиҳозланиши, китоб жавонларининг ўзига хослиги киши диққатини тортади. Бу ерда қарийиб 3 минг нусхада турли мавзу ва номдаги китоблар мавжуд.
Пресс-тур давомида бошқарма ходимлари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Абдували Бўриев, ЎзА