Жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қарорлар ижроси қандай бажарилмоқда?
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Бектемир тумани кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов, халқ депутатлари Бектемир тумани кенгаши депутатлари, туман ҳокими ва прокурори, туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси масъуллари ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Президентимизнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қарорлари ижроси, шунингдек, туманда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар натижалари муҳокама қилинди.
Туманда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида замонавий кузатув ҳамда назорат воситаларини жорий этиш кўлами кенгайтирилди. Хусусан, маҳаллаларда аҳоли гавжум жойларда, кўп қаватли уйлар, асосий кўчалар ва савдо мажмуаларида 200 дан ортиқ видеокузатув камералари ўрнатилган.
291 та кўп қаватли уй ва хонадонлар ҳамда 274 савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти техник қўриқловга олинган. Кўп қаватли уйларга бегона шахсларнинг назоратсиз кириб-чиқишини чеклаш мақсадида 223 уйнинг кириш эшикларига домофонлар ўрнатилган.
[gallery-30664]
Аҳоли гавжум ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш ва эҳтимолий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида "Қўйлиқ" ва "Food city" бозорларида ситуацион марказлар фаолияти йўлга қўйилган. Бозорлар ҳудудида "Ҳуқуқ-тартибот маскани" ҳам ташкил этилган.
Мажлисда ижтимоий профилактика йўналишида амалга оширилган ишлар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Мудофаа вазирлиги госпиталининг малакали шифокорлари иштирокида туманнинг 18 маҳалласида бепул тиббий кўриклар ташкил этилган ҳамда қарийб 5 минг нафар кекса, аёл ва болаларга тиббий хизмат кўрсатилган.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурта),
ЎзА