Жамоа шартномаси қабул қилинди
Меҳнат муносабатларида барқарорликни таъминлаш, ходимлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш бугун ҳар бир соҳанинг устувор вазифасига айланмоқда. Бу тамойиллар “Hududiy elektr tarmoqlari” АЖ Сирдарё ҳудудий филиалида ўтказилган касаба уюшмаси қўмитасининг ҳисобот-сайлов йиғилишида яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Тадбирда филиал раҳбарияти, туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари ходимлари, Сирдарё вилоят касаба уюшмалари кенгаши вакиллари ҳамда касаба уюшмаси фаоллари иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибига мувофиқ йиллик ҳисоботлар, тафтиш комиссияси хулосаси ҳамда янги жамоа шартномасини қабул қилиш масалалари изчил кўриб чиқилди.
Тақдим этилган ҳисоботларда йил давомида амалга оширилган молиявий-хўжалик ва ташкилий ишлар очиқ ва шаффоф тарзда баён этилди. Айниқса, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва жамоада соғлом ижтимоий муҳитни таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида урғу берилди.

Муҳокамалар жараёнида иштирокчилар томонидан билдирилган фикрлар ҳисоботларнинг пухта ва асосли тайёрланганини кўрсатди. Ҳисобот бир овоздан маъқулланиб, касаба уюшмаси қўмитасининг ҳисобот давридаги фаолияти “қониқарли” деб баҳоланди.

– Бугунги ҳисобот-сайлов йиғилиши жамоада очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида иш олиб борилаётганини яна бир бор кўрсатди. Айниқса, касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар эътирофга лойиқ.
Янги қабул қилинган жамоа шартномаси эса бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширади. Унда ходимлар манфаатлари, уларнинг ҳуқуқ ва кафолатлари янада мустаҳкам ифода этилган. Энг муҳими, мазкур ҳужжат жамоада соғлом ижтимоий муҳитни таъминлаш, меҳнат муносабатларида барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди “Hududiy elektr tarmoqlari” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шавкат Мирзабеков.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири