Фарзанд – ҳар бир миллатнинг эртанги куни, жамиятнинг энг бебаҳо бойлиги. Унинг жисмоний, руҳий ва ақлий соғлиғи – юрт тараққиёти, салоҳияти ва ижтимоий барқарорлик пойдевори. Афсуски, бугунги кунда айрим ҳолларда болаларнинг шаъни, ҳуқуқлари, инсоний қадриятлари поймол бўлаётгани жамиятда оғриқли муаммога айланмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолар, ота-оналарнинг шикоятлари ҳамда айрим боғчаларда рўй бераётган ҳодисалар жамиятимизда болалар ҳимоясига оид тизимларнинг заифлигини очиқлаб қўймоқда.
Яқинда дефектолог деб танилган шахснинг болаларни итдек вовуллашга мажбур қилгани ҳақидаги видео жамоатчиликда кескин норози муносабат уйғотди. Аслини олганда, тиббий-педагогик кўрсатмаларда бу каби усул мавжуд эмас. Бу – болани камситиш, унга нисбатан руҳий босим ўтказишдир. Ушбу ҳолат нафақат болани таҳқирлаши, балки унинг келажакдаги руҳий ҳаётида оғир из қолдириши мумкин. Ушбу ҳолатдан сўнг жамиятда дефектолог ёки психолог деган номни олган ҳар қандай шахс бу лавозимга ҳақиқатда лойиқми, деган савол очиқ қолмоқда…
Кўп кузатилаётган ҳолатлардан бири – болалар иштирокида “кўнгилочар” деб номланаётган видеоларда уларга тазйиқ ўтказилиши. Масалан, болаларни бир-бири билан ошхона жиҳозлари билан уриштириш, масхара қилиш ва ушбу видеони ҳазиломуз материал сифатида кенг жамоатчиликка тарқатиш нақадар хунук иш. Бу жамиятимизда баъзи оилаларда болаларга бўлган муносабат қандайлигини очиқдан-очиқ кўрсатиб беради. Афсуски, минглаб инсонлар бу каби видеоларни томоша қилмоқда, уларга “like” босиб ва буни шунчаки оддий видео сифатида қабул қилади. Бу эса қолганларни ҳам бундай контент яратишга янада кўпроқ ундамоқда. Шундай қилиб, биз томошабинлар бевосита зўравонликни ўзимиз билмаган ҳолда рағбатлантираяпмиз.
Ўзини педагог деб биладиган айрим тарбиячилар боғчаларда болаларни ҳақорат қилиш, жазолаш, баъзида уришга қадар бораётгани ҳақида ота-оналарнинг кўплаб шикоятлари бор. Жамоатчилик эътиборига тушган видеоёзувлар, боланинг қўлида кўкаришлар, руҳий тушкунлик ҳолатлари бу муаммоларнинг реал ва чуқур илдизга эга эканини кўрсатмоқда. Боғча бу боланинг жамият билан биринчи танишуви. Бу ерда меҳр, ишонч, эътибор энг муҳими бўлиши керак эди. Афсуски, айрим жойларда бу муассасалар боланинг психологик травма оладиган жойига айланмоқда.
Бу каби ҳолатларни санасак, афсуски саноғимиз узоқ давом этади. Бола тарбияси ва унинг жамиятга мослашуви ижтимоий жараён. У дунёга қай кўз билан боқиши ва қандай инсон бўлишга интилиши атроф-муҳит, яъни сиз-у бизга боғлиқ. Жамиятимизда болалар ҳуқуқининг топталмаслиги ва юқоридаги вазиятларнинг такрорланмаслиги учун ҳар бир таълим ва соғломлаштириш муассасасида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш тизими ишлаши керак. Бу ички назоратдан ташқари, мустақил мониторинг орқали ҳам амалга оширилиши зарур.
Блогерлар ва контент яратувчилар учун алоҳида қонуний чекловлар ва этик меъёрлар ишлаб чиқилиши керак. Бола иштирок этган ҳар қандай видеоконтент махсус кўрикдан ўтиши лозим. Ҳар бир фуқаро, айниқса ота-оналар, ўз боласи билан нима содир бўлаётганини чуқур таҳлил қилиши керак. “Тарбия”, “даво”, “ўргатиш методи” ниқоби остидаги ҳар қандай камситиш ва қийноққа дарҳол эътироз билдирилиши, тегишли ташкилотларга мурожаат қилиниши лозим.
Бугунги жамиятда болалар нафақат меҳр-муҳаббат, балки кучли ҳимояга ҳам муҳтож. Уларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадриятлари тўлиқ таъминланиши – соғлом ва барқарор келажак кафолатидир. Болалар ҳимояси ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари нафақат UNICEF, Болалар омбудсмани ва бошқа ҳуқуқ тартибот органлари, балки жамиятдаги ҳар бир фуқаронинг инсонийлик вазифасидир.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА