Жаҳонгашта туркшунос
Бугун таниқли ўзбек тилшуноси, филология фанлари доктори, профессор, Жўлибой Элтазаров 60 ёшга тўлди.
Унинг илмий-педагогик фаолияти ҳақида фикр юритиш учун гапни узоқроқдан бошлашга тўғри келади.
Мантиқан ўзбек тили ва адабиётини тадқиқ этиб келаётган олимларнинг ҳаммаси ‒ туркшунос, албатта. Чунки ўзбек тили ‒ туркий тиллардан бири. Ҳатто, биз халқ сифатида қирққа яқин туркий миллатлар орасида сон жиҳатидан турклардан кейинги иккинчи ўринда турамиз. Туркий тилда яратилган адабий мероснинг миқдори ва сифати жиҳатидан эса дунёда бизга етадиган бошқа халқ ‒ йўқ.
Бироқ “туркшунос” деганда кўпроқ бир неча туркий тил ёки адабиётни биладиган, уларни ўзаро қиёслаб ўрганадиган хос мутахассисларни кўз олдимизга келтирамиз. Ахир, филологиямизда туркий тилларни қиёсий ўрганиш, туркий адабиётларни ўзаро солиштириб тадқиқ этиш аллақачон бир махсус йўналишга айланиб улгурган.
Шу маънода филология фанлари доктори, профессор Элтазаровни ҳақиқий туркшунос ҳисоблаш ‒ лозим. Унинг жаҳон туркшунослигида ўзига хос ўрни ва мавқеи ‒ бор.
Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонида:
Турк назмида чу тортиб мен алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам, ‒
дея фахрланади. Бу ерда туркий тилли эл бир байроқ (“алам”) остида бирлаштирилгани ҳақида сўз боряпти. Байтдаги “мамлакат” сўзини ҳам ўз маъносида, яъни “бир сиёсий бошқарув асосида бошқариладиган давлат” деб эмас, балки кенгроқ, яъни “туркий тилли халқлар яшайдиган ҳудудлар” маъносида тушуниш керак бўлади. “Якқалам айламак”, аслида, бир ҳукм остида бўйсундиришни англатади. Бироқ бу ерда буюк шоир туркий тил атрофида сиёсий эмас, маънавий бирлашишни кўзда тутгани ҳам ‒ аён.
Жўлибой Элтазаров Жаҳон Ўрта Шарқ тадқиқотлари Конгресси (WOCMES), АҚШдаги Марказий Евроосиё тадқиқотлари жамияти, Япониядаги Тиёншань тадқиқотлари жамияти ҳамда Турк тили жамияти (TDK) аъзоси ҳисобланади. Туркия Республикасида чиқадиган Uluslararası Türk Lehçe Araştırmaları Dergisi (TÜRKLAD), Akademik Tarih ve Düşünce Dergisi (ATDD) халқаро илмий журналларининг таҳрир ҳайъат аъзоси.
Жўлибой Элтазаров ташаббуси ва раҳбарлигида Туркия Республикаси Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлигининг илмий грантлари қўлга киритилган. Грантлар доирасида муҳим илмий тадқиқотлар амалга оширилиши билан бир қаторда, СамДУ филология ва физика факультетлари замонавий мультимедиатик воситалар билан жиҳозланган махсус дарсхоналар барпо этилган.
Жўлибой Элтазаровнинг ҳар бир талабани руҳлантириш, унинг илмга интилиши учун ўзига хос ёндашуви ‒ бор. Шунинг учун 5 шогирди филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эришди. Яна шунчаси фалсафа доктори диссертацияси устида иш олиб бормоқда. Шогирдларидан бири Президент стипендияси совриндори,
4 нафари филология фани бўйича республика олимпиадаси ғолиби бўлган.
Олим хорижий университетларида ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш бўйича фан дастури, дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалари яратган кам сонли мутахассислардан бири ҳисобланади. У Япония университетлари учун “Uzubekugo bumpou kaiwa niyuumon” (“Ўзбек тилининг бошланғич курси. Грамматика ва матнлар”) ҳамда Туркия Республикаси университетлари учун “Özbekçe öğreniyoruz. Gramer kuralları. Diyaloglar. Alıştırmalar. Metinler. Tablolar. Sözlük” (“Ўзбекча ўрганамиз. Грамматика қоидалари. Диалоглар. Машқлар. Матнлар. Луғат”) дарсликларини тайёрлаб, нашр эттирган.
Унинг “Сўз туркумлари ҳақидаги лингвистик назариялар”, “Сўз туркумлари парадигмасидаги ўзаро алоқа ва кўчиш ҳоллари”, “Жаҳон ва ўзбек тилшунослигида сўз туркумларини ўрганиш тарихидан” каби монографик тадқиқотлари илмий жамоатчилик томонидан юқори баҳоланган.
Ж. Элтазаров раҳбарлигида Ўзбекистонда филология, туркология, диалектология, таълим тарихи фанлари ва уларнинг амалиётга татбиқлари соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқотларга жаҳон олимларининг эътиборини қаратиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, бу фанларнинг долзарб муаммолари бўйича Самарқанд шаҳрида 20 дан ортиқ хорижий давлатлар олимлари иштирокида 4 та халқаро илмий анжуманлар ташкил қилинди.
Олимнинг “Ўзбекча-японча-инглизча луғат”, “Ўзбекча-японча-инглизча сўзлашгич”, “Ўзбекча ўқиш китоби” номли дарслик ва ўқув қўлланмалари Осака университети, Токио Чет тиллари университети, Киото университети, Кобе университети каби машҳур олий таълим муассасаларининг ўқув ахборот-ресурс фондидан жой олган.
Ж. Элтазаровнинг турк тилидаги “Туркистон олимлари” китобида буюк аждодларимиз ҳақида атрофлича маълумот берилади. У, хориждаги ўзбек жамиятлари талабига кўра, бир неча марта нашр этилган.
Домла 1999 ‒ 2000 йиллари Бусан Чет тиллар университети(Жанубий Корея)да, 2003 ‒ 2005 йиллари Берлиндаги Гумбольдт ва Фрей университетлари(Германия)да, 2007 ‒ 2010 йиллари Осака университети(Япония)да, 2010 ‒ 2014 йиллари Муғла Ситки Кочман университети(Туркия)да профессор сифатида ишлаган.
Олимнинг мамлакатимизда туризм учун етук кадрлар тайёрлаб бериш борасидаги қизғин фаолияти ҳам ‒ таҳсинга сазовор. Чунки у ‒ ҳозирги пайтда “Ипак йўли” туризм халқаро университети биринчи проректори.
У Туркия Республикасининг устун хизмат нишонлари (2017, 2018) ва Мўғулистоннинг Чингизхон медали (2009) билан тақдирланган.
Олим рус, инглиз, турк, форс, уйғур, корейс, япон, қозоқ, тожик, курд тилларида эркин сўзлаша олади. Шу боис, хорижий мамлакатлар олимлари билан ҳамкорликда бир нечта халқаро илмий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Умуман олганда, олимнинг бутун ҳаёти халқлар ўртасидаги дўстликни, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган, десак, муболаға бўлмайди. Бу, айниқса, янги ташкил топган Туркий Давлатлар Ташкилоти умумманфаатларига тўла мос келади, деб ҳисоблаймиз.
Олимнинг умрига умр қўшган бўлсин. Эзгу ишларни амалга оширишда унга куч-қувват тилаймиз.
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,
СамДУ профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби.
Султонмурод ОЛИМ,
“Нақшбандия” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.