Жаҳон банки Ўзбекистонда янги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди
Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш йўлида халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Жаҳон банки билан амалий мулоқотлар ва янги келишувлар юртимиз тараққиёти учун янги имкониятлар яратади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда шу ҳақда сўз борди.
Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг йиллик баҳорий йиғилишлари доирасида ташкил этилган учрашувда мамлакат иқтисодиётидаги жорий ҳолат, иқтисодий ўсиш суръатлари, инфляция даражаси, ташқи сектор кўрсаткичлари ҳамда бюджет сиёсати юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, ўрта муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашувда таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ушбу лойиҳалар самарадорлигини янада ошириш, молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва янги ташаббусларни йўлга қўйиш масалаларини кўриб чиқди.
Шу билан бирга, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва ёшлар ташаббусларини рағбатлантириш, рақамли трансформация ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди. Хусусан, сунъий интеллект элементларини иқтисодиёт ва бошқарув тизимига татбиқ этиш бўйича устувор йўналишлар белгиланди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, мулоқот доирасида қатор муҳим инвестиция лойиҳалари бўйича битимлар имзоланди.
Жумладан, “Бишкек-Душанбе-Термиз” халқаро автомобиль йўлининг М41 участкасида қарийб 97 километр йўлни реконструкция қилиш бўйича келишувларга эришилди. Лойиҳа асосида йўл замонавий халқаро стандартларга мос равишда қайта қурилиб, тўрт полосагача кенгайтирилади, кўприклар ва йўл ўтказгичлар барпо этилади.
Энергетика соҳасида ҳам муҳим қадамлар ташланди. “REMIT” дастури доирасида янги 220 кВ электр узатиш линияларини қуриш ва подстанцияларни модернизация қилиш бўйича ҳужжатлар имзоланди. Бу, айниқса, Фарғона водийсида электр таъминоти барқарорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, “FINGROW” лойиҳаси натижасида кичик ва ўрта бизнес субъектларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш, кафиллик механизмларини жорий этиш ҳамда “яшил” ва энергия самарадор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувлар расмийлаштирилди.
Учрашув якунида томонлар стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни фаоллаштириш ва Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА