
Пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги Марина Бородинанинг “Литосфералар” номли кўргазмаси бўлиб ўтди.
Марина Бородина Ўзбекистондаги серқирра ҳайкалтарошлардан бири бўлиб, у 2005 йилдан ҳозирги кунга қадар Тошкент архитектура-қурилиш институтининг “Архитектура муҳитини лойиҳалаш” кафедраси ўқитувчиси, ёшлар кўргазмалари ташкилотчиси, республика ва халқаро архитектура лойиҳалари танловларининг диплом лауреати ҳисобланади.
Серқирра ижодкор 1992 йилдан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Кўплаб республика ва халқаро кўргазмалар иштирокчиси. У кучли, фаол, ўзига хос фикрлаш қобилияти эга. У аниқ мезон, қолипларга боғланиб қолмайди, аксинча бадиий тенденцияларни шаклланишига, санъат оқимига таъсир этувчи ва ибрат бўлувчи ижодкордир.
Марина Бородина ижодини кузатар экансиз, у шунчаки юзакилик билан эмас, балки ҳар бир асарга алоҳида ички хоҳиш билан ёндашади ва ўзгача ечим хосил қилади. Ҳайкални ички ва ташқи мухитини ҳамда мазмун ва макон уйғунлигини топа олади.
Шунингдек, Марина изланувчан ижодкор, у оддий ашёлардан фойдаланиб, рассомнинг ҳис-туйғулари ва ғояларини аниқликда ифода этувчи мафтункор гўзалликни бера оладиган қобилият соҳибасидир.
Ижодкорнинг асарлари нафақат унинг бой тасаввурлари балки, жозиба ва нафис соддалик муҳаббати билан бойитилган қалбининг садосидир. У ўз олдига қўйган мураккаб вазифаларни оддий ижро ва ўзгача ечим билан якунлайдики ҳар бир инсонни ҳайратда қолдириб, илҳомлантиради.
Маринанинг ижодий имкониятлари кенг ва хилма-хилигини Галереянинг фойе қисмида кузатиш мумкин. У ерда ижодкорнинг амалга ошган ҳамда режалаштирилган лойиҳалари тақдим этилган.
Марина Бородина қизиқишларининг яна бир жиҳати – педагогик фаолиятдир. Унда рассомнинг муҳим истеъдоди ўзини намоён қилади. Марина ўз шогирдлари билан биргаликда улуғвор монументал композициялар яратади, уларга ғайритабиий фикрлашни, яратишни ва доимо изланишда бўлишни ўргатади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА