Ҳаётимизни ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Кундалик эҳтиёжимизда телефон, компьютер ва бошқа турдаги ахборот технологияларидан фойдаланамиз. Афсуски, кўп холларда ушбу қурилмалар ёлғон хабарларга алданиб қолиш, маблағ йўқотишга ҳам сабабчи бўляпти, улар орқали кўплаб жиноятлар содир этиляпти.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида Ахборот технологиялари орқали содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда туман Ички ишлар орган фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ИИОФМБ) қуйи бўлинмалари фаолияти ташкил этилган эди.
Хуш, бугунги кунда ушбу бўлинмалар қай тарзда фаолият олиб боряпти? Аҳоли ва ёшлар ўртасида тарғибот ишлари кўнгилдагидекми? Аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича қандай чоралар қўлланиляпти?
Яккасарой тумани бўйича ИИО ФМБ Ахборот технологиялари соҳасида жиноятларнинг олдини олиш бўлинмаси инспектори, катта лейтенант Бахтиёр Тангиров мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берди:

— Ахборот технологияларининг жамият ҳаётидаги ўрни беқиёс. Шу билан бирга жамиятда улардан кенг фойдаланиш ахборот технологиялари орқали содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар сонининг ортишига олиб келмоқда. Эндиликда жиноятчилар томонидан фуқароларнинг яшаш ёки иш жойларига кириб, уларнинг мол-мулкларини ёки пулларини фирибгарлик ва ўғирлик йўли билан қўлга киритишдан кўра, уларнинг банк пластик картасидаги ёки бошқа ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини алдов ёки яширин йўл билан қўлга киритиш ҳолатлари авж олмоқда. Бунда кибержиноятчилар, албатта, у ёки бу турдаги ахборот технологияси қурилмасидан ҳамда интернетнинг имкониятларидан фойдаланмоқда.
Кейинги вақтларда айниқса, зарарли ҳаволалар орқали пластик карталардан пул ўғирлаш, банк ёки уяли алоқа компанияси ходими сифатида қўнғироқ қилиб, шахсий маълумотларни қўлга киритиш, сохта интернет дўконлари кўринишида олдиндан тўловларни ўтказиб олиш, трейдерлар ҳамда онлайн иш сифатида фуқароларнинг пулларини кўпайтириб беришни ваъда қилиб, алдов йўли билан пулларини қўлга киритиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса фуқароларнинг турли миқдордаги пул маблағларини кибержиноятчиларга топшириб, жабрланишларига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида ҳам 2025 йилнинг 3 ойи давомида бу турдаги кибержиноятлардан жабрланган 150 нафардан ортиқ фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган. Шундан 122 та вазиятда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Бу каби жиноятларнинг олдини олиш мақсадида туманда тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг 3-апрель куни ҳам Яккасарой туманида жойлашган Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг 1-босқич талабалари билан “кибербуллинг” мавзусида тарғибот учрашуви ўтказилди.
Давра суҳбати давомида талабалар ўртасида маълумот алмашиш учун очилган телеграм гуруҳига номаълум аккаунт қўшилиб олиб, телеграм гуруҳига ҳархил номақбул фотосуратларни жойлаштиргани, ушбу ҳолат юзасидан номаълум аккаунт фойдаланувчисини топиб, қонуний чора кўриш ҳақида мурожаат бўлди. Ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида ушбу гуруҳ талабаси У.З.нинг сохта аккаунт очиб гуруҳга уятли фотосуратларни жойлаштиргани аниқланди. Ушбу шахсга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судига юборилди.
Суд томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаро У.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 189-моддасига асосан БҲМнинг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли (мобил қурилма) давлат фойдасига мусодара этилди.
Шунингдек, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларида, Олий таълим муассасаларида, бозорларда ва ижимоий объектларда фуқаролар билан кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот учрашувлари ўтказилмоқда. Фуқароларга тегишли шахсий ва банк пластик карталари маълумотларини бегона шахсларга маълум қилмаслик ҳамда нотаниш шахсларга олдиндан пул ўтказмаларини амалга оширмаслик ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА