Бугун Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга 2025/2026 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошланди.
Маълумки, 2025/2026 ўқув йили учун Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, 2 та спорт мактаби, 204 та ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда Ал-Беруний номидаги халқаро мактабига ҳужжатлар қабул қилинди.
Агентликда ўқувчилар қабули жараёни мониторингини юритиш ҳамда мувофиқлаштириш учун малакали мутахассислардан иборат штаб ташкил этилди.
Ҳужжатларини онлайн шаклда қабул қилиш, шунингдек, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун фаолият юритган Мурожаатлар маркази Агентлик тизимидаги барча мактабларда ҳар куни соат 9:00 дан 18:00 гача ишлаши таъминланди. Қолаверса, мурожаатчиларнинг саволларига жавоб бериш учун 1206 қисқа рақамли call-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб доимий равишда мурожаатчиларнинг саволларига жавоб бериш учун махсус телеграм чатбот ҳам ишга туширилди.
[gallery-24244]
2025/2026 ўқув йили учун мазкур мактабларга ҳужжатлар қабули июнь ойида онлайн шаклда my.gov.uz ёки ariza.piima.uz сайтлари орқали амалга оширилди. Келиб тушган жами 255 613 та ҳужжатнинг 49 924 таси Президент мактабларига, 4 740 таси ижод мактабларига, 582 таси спорт мактабларига, 137 870 таси ихтисослаштирилган мактабларга, 62 497 таси таянч ихтисослаштирилган мактабларга тўғри келди.
Президент мактабларининг 5-синфига белгиланган йиллик қабул квотаси доирасида 336 нафар, ижод мактабларининг 7-синфига 440 нафар ҳамда ихтисослаштирилган мактабларига 13 мингдан ортиқ ўқувчи қабул қилинади. Заруратга кўра, мазкур қабул квоталарига Агентлик томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
4-синфни тамомлаган ўқувчилар бир вақтнинг ўзида ҳудудидаги Президент мактаби, ихтисослаштирилган мактаб ва Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабининг 5-синфига алоҳида ҳужжат топшириш имконидан фойдаланди. 6-синфни тамомлаган ўқувчилар эса ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактабнинг табиий фанлар йўналишига, Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек ёки Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синфига ҳам алоҳида ҳужжат топширди.
Жорий йилда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари сони 8 тага етди. Жумладан, Нукус, Андижон, Бухоро, Фарғона, Гулистон, Жиззах, Самарқанд ҳамда Урганч шаҳарларида мазкур мактаб филиаллари ташкил этилди. Бу каби мактаблар келгуси йилларда босқичма-босқич барча ҳудудларда ташкил этилиши кўзда тутилган. Қолаверса, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиалининг йўлга қўйилгани ҳам қувонарли. Келгусида ушбу мактабнинг ҳам барча ҳудудларда филиаллари босқичма босқич ташкил этилади.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Булоқбоши, Жалақудуқ, Пахтаобод; Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ; Хоразм вилоятининг Гурлан, Урганч, Боғот туманлари, Фарғона вилоятининг Фарғона ва Қувасой туман ва шаҳарларида ихтисослаштирилган мактаблар фаолият бошлади.
Шу билан бирга, пойтахтда Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб ҳам ишга тушиш арафасида.
Агентлик тизимидаги мактабларга кириш имтиҳонлари август ойига қадар давом этади.
Имтиҳонлар ўтказиладиган кун, манзил ва вақтлари Агентликнинг расмий саҳифаларида эълон қилиб борилади.
Камола Юсупова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА