Иттифоқчилик муносабатларини янги босқичга кўтарган ташриф
Бугун Марказий Осиё чинакам бирдамлик босқичига ўтган. Ўзбекистон етакчисининг ташаббуси билан минтақамизда узоқ йиллар давомида илк бор биргаликда олдинга қараб боришимиз учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг 11 апрель куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиши ва Қосим-Жомарт Тўқаевнинг мамлакатимиз Президентига йўллаган мактуби бу фикримизни тасдиқлайди.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида қўшни давлатлар, хусусан, Қозоғистон билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Икки қардош мамлакат ўртасидаги алоқалар нафақат стратегик шериклик, балки чин маънодаги иттифоқчилик тамойиллари асосида мустаҳкамланмоқда. Бу эса минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашнинг энг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик руҳидаги ушбу яқинлик халқларимизнинг тарихий ва маънавий илдизлари муштараклигига асосланади. Давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли чегаралар дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айланди. Иқтисодий ва маданий алоқалар изчиллик касб этди.
Навбатдаги амалий ташриф ҳам икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик кун тартибини янада кенгайтириш ва келажакдаги устувор йўналишларни белгилаб олиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон ва Қозоғистон нафақат иқтисодий шериклар, балки умумий тақдири ва келажаги бир бўлган, минтақавий яхлитликни таъминловчи қудратли куч сифатида намоён бўлмоқда. Мулоқотларда Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Қозоғистон етакчисининг мамлакатда янги Конституция бўйича референдум ўтказилганидан кейин биринчи хорижий ташрифининг Ўзбекистондан бошлаши кўп нарсадан далолат беради. Энг аввало, ҳудудларда мунтазам равишда норасмий учрашувлар ўтказиш яхши анъанага айланиб, икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни очиқ ва конструктив муҳокама қилишга хизмат қиляпти. Хусусан, Бухоро, Марказий Осиёнинг маданий ва тарихий маркази сифатида аҳамиятга эга. Тўқаевнинг таъкидлашича, Бухоронинг бугунги қиёфаси янги Ўзбекистон сиёсати натижасидир. Бу эса икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлиги ва маданий алмашинуви орқали амалга оширилаётганини кўрсатади.
Барча даражалардаги алоқалар, жумладан, ҳукуматлараро ва парламентлараро ҳамкорлик фаоллашди. Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёдаги иқтисодий бақувват давлатлар бўлиб, улар минтақавий ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 80 фоизини ва минтақа аҳолисининг 70 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, саноатга юқори технологияларни жорий этиш, АКТ технологияларни кенг жорий этиш ва келажакка бўлган қарашлар – космик дастурларда иштирок этишда ҳам етакчилик қилмоқда. Бу икки давлатда саноат кооперациясида ҳамкорлик қилиш ва минтақани “Шимол–Жануб” ва “Шарқ–Ғарб” йўлаклари чорраҳасидаги транспорт-логистика марказига айлантириш учун ҳам яхши истиқболлар мавжуд. 2025 йил якунига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларга етган бўлса, Бухородаги музокаралар якунида яқин истиқболда ўзаро савдони 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Автомобилсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, логистика, электротехника, қурилиш материаллари ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кимё, геология, энергетика, автомобиллар учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги бир қатор янги ташаббуслар кўриб чиқилди. Транспорт ва логистика соҳасида ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чегараолди инфратузилмани модернизация қилиш, тўсиқларни бартараф этиш ва ташқи бозорларга чиқишни таъминлайдиган самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани диққатга сазовор. Томонлар Қирғизистондаги “Қамбарота” гидроэлектр станцияси қурилиши каби йирик минтақавий лойиҳаларни жадаллаштириш ва “яшил” энергия экспорти бўйича ташаббусларни илгари суриш аҳдида қатъий.
Ўзбекистон ва Қозоғистон сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий экологик ташаббусларни илгари суриш, шу жумладан, чегарадош ҳудудларда “Тоза ҳаво” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда ишлашдан манфаатдор. Бу ташаббус экологияни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни яхшилаш ва халқ саломатлигини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган.
Етакчилар инновацион ва юқори технологик соҳаларда, жумладан, космик технологиялар, рақамлаштириш, электрон тижорат ва стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қатъий. Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш, жумладан, маданият кунлари, ёшлар форумларини ўтказиш, креатив иқтисодиёт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор мақсадлардан.
Учрашув давомида бош вазирлар ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартибининг долзарб жиҳатлари, жумладан, яқин истиқболда ўзаро савдони 10 миллиард долларга етказиш борасида кўрилаётган чоралар бўйича ҳисоботлари тинглангани, музокара якунида ҳукуматларга эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш топширилгани ҳамкорлик истиқболлари нечоғли тўғри йўлда эканидан далолат беради. Улуғвор мақсадларга етишиш учун давлат раҳбарлари янги қўшма инвестицион лойиҳаларни йўлга қўйишди.
TURAN махсус иқтисодий зонасини ва агросаноат комплекси маҳсулотларини, ёғочни қайта ишлаш, машина, электроника, тўқимачилик, ва қурилиш материалларини ишлаб чиқишга ихтисослашган “Марказий Осиё” савдо-иқтисодий ҳамкорлик халқаро марказини ишга туриш шулар жумласидан. Мазкур лойиҳалар трансчегаравий савдо-логистика инфратузилмаси ҳамда минтақалараро ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантиришга қаратилган. Мамлакатлар ўртасида қўшма ҳамкорлик тажрибаси юқори.
Қозоғистон ҳудудида, хусусан, Костанайда Chevrolet маркали автомобиллар ва «SAZ» маркали автомобиллар йиғиш бўйича қўшма корхоналар, Туркистонда тўқувчилик фабрикаси, Шимкентда тўқимачилик корхонаси муваффақиятли ишламоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш икки томонлама ҳамкорликнинг “юраги” ҳисобланади.
Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шеригидир.
Иқтисодий ҳамкорлик мутлақо янги чизгиларга эга бўлди: Қозоғистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо ҳамкорига айланди ва 2020 йилдан буён Ўзбекистоннинг Хитой ва Россиядан кейинги учинчи етакчи савдо шериги ҳисобланади. Бу эса икки мамлакат иқтисодиётининг аҳамияти ва ўзаро боғланганлигини тасдиқлайди.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан умумий ҳисобда 7 млрд. АҚШ долларига тенг ўзаро савдосининг 60 фоизи Қозоғистонга тўғри келади.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида икки давлат президентларининг учрашуви давомида эришилган келишувлар ижроси таъминлангани боис барча даражаларда алоқалар фаоллашди. Бироқ ҳозирги 5 миллиард долларлик савдо айланмаси оралиқ босқич ҳисобланади. Чуқур саноат ҳамкорлиги ўсишни таъминлаши кутилмоқда. Ҳозирда мамлакатларимиз биргаликда 1,8 миллиард долларлик 78 та лойиҳани амалга оширмоқда. Энергетика, кимё, ерости бойликларидан фойдаланиш ва машинасозлик соҳаларидаги йирик лойиҳалар диққат марказида. Қурилиш сектори ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳам устувор вазифалар бўлади.
Раҳбарлар транспорт алоқаларига алоҳида эътибор қаратдилар ва уни бутун Марказий Осиё учун иқтисодий мустақилликнинг калити деб биладилар. Ушбу стратегиянинг марказида чегара терминалларини модернизация қилиш ва Транскаспий халқаро транспорт йўналиши салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсади турганлигини таъкидлаш жоиз.
Ўтган йили Қозоғистон Президенти Ўзбекистонни Оқтау ва Курик портларини кенгайтириш лойиҳаларига қўшилишни таклиф қилди, бу эса Ўрта йўлакнинг ривожланишига туртки бўлади. Шу билан бирга, Форс кўрфазидаги беқарорлик туфайли номаълум муддатга тўхтатилган Шимол-Жануб йўналиши каби истиқболли йўналишларни мониторинг қилиш давом этмоқда.
Афғонистон ва Покистондаги вазият барқарорлашгандан сўнг, жанубий темир йўл векторлари ҳам қайта тикланади. Ақлли, узлуксиз йўлакларни яратиш икки мамлакат иқтисодиётини глобал савдо занжирларига қулай шартларда бирлаштиради.
Умуман олганда, саъй-ҳаракатларни тизимли равишда бирлаштириш Марказий Осиёга стратегик мақсадларга эришиш имконини беради. Минтақа геосиёсий объектдан мустақил ва таъсирчан куч марказига айланади.
Инвестиция жозибадорлигида сифат жиҳатидан сакраш бўлади. Ўз ишлаб чиқаришимиз ва инсон капиталимизни ривожлантириш орқали биз ташқи қийинчиликларга қарши иммунитетимизни мустаҳкамлаймиз. Синхронлаштирилган модернизация нафақат сиёсий танлов, балки чинакам интеграцияга олиб борадиган ягона йўлдир.
Мени қувонтирган яна бир ҳолатга эътиборни қаратмоқчиман. У ҳам бўлса, музокаралар икки халқнинг маънавий меросини бирлаштирган муқаддас маскан бўлган Баҳоуддин Нақшбандий ёдгорлик мажмуасига ташриф билан бошланди. Икки давлат раҳбари ХVI асрда қурилган масжид ва мадрасалар мажмуасини айланиб чиқдилар ва таълимоти асрлар давомида минтақа учун ахлоқий компас бўлиб хизмат қилган буюк сўфийга ҳурмат бажо келтирдилар. ХIХ аср қўлёзма Қуръонидан тортиб, нодир тарихий ҳужжатларгача бўлган ноёб артефактларни ўз ичига олган мажмуадаги музей коллекцияларида президентлар яна бир бор Остона ва Тошкент ўртасидаги ажралмас маданий ва тарихий алоқаларни таъкидладилар.
Ташриф давомида Қозоғистон Президентига ноёб архив материалларининг нусхалари ҳам кўрсатилди. Бу Ўзбекистонда аниқланган, Туркистонда жойлашган Хожа Аҳмад Яссавий ва Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегим мақбараларига алоқадор 1920-1950 йилларга оид қимматли ҳужжатлар, чизмалар ва фотоматериаллардир. Қардош қозоқ халқига ва икки мамлакатнинг умумий тарихига ҳурмат белгиси сифатида ушбу архив ҳужжатларининг нусхалари Қозоғистон томонига ҳадя қилинди. Ҳозирги кунга қадар аксарияти илмий муомалага киритилмаган бу материаллар катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга.
Ноёб меъморчилик ёдгорликлари бўлган Аҳмад Яссавий ва Робия Султонбегим мақбаралари Марказий Осиё халқларининг умумий тарихий-маданий меросида алоҳида ўрин тутади. Тўқаев, Президентимизга йўллаган мактубида шунингдек, архив материаллари тақдим этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи доирасида Тўқаевга Қозоғистон учун катта маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган архив материалларини тақдим этгани, икки давлат ўртасидаги маданий алмашинувнинг аҳамиятини янада оширди. Ушбу муносабатлар, шубҳасиз, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва минтақадаги барқарорликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўзаро ҳамкорлиги нафақат иқтисодий, балки маданий соҳаларда ҳам янги имкониятларни очиб беради.
Ўзбекистон ва Қозоғистон сунъий интеллектни ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Бухоро шаҳрининг универсал спорт мажмуасида ўтказилаётган “National AI Hackathon” – сунъий интеллект бўйича умуммиллий хакатонга ташриф буюриши ҳам шундан далолат беради.
Ушбу тадбир давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил сиёсат доирасида ташкил этилди. Бу ерда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш борасидаги ишлар таҳсинга сазовор.
Хусусан, “Рақамли ҳукумат” тизими, транспорт, божхона, солиқ, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, энергетика, геология, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ечимлар киши эътиборини ўзига тортади. Мазкур соҳаларни рақамлаштириш давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилаётир.
Ишончимиз комилки, глобал ноаниқлик даврида яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш Марказий Осиёнинг асосий ресурсига айланиб бормоқда. Минтақа мамлакатлари якка ҳолда ҳал қилиши қийин бўлган умумий хавфсизлик муаммолари ва ривожланиш вазифалари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан муваффақиятли ҳал қилиниши мумкин. Икки ва кўп томонлама ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш ўз келажагини умумий қадрдон диёримиз — Марказий Осиёнинг тинчлиги, барқарорлиги ва тараққиёти билан боғлаган миллионлаб одамларнинг манфаатларига жавоб беради.
Минтақанинг етакчи давлатлари бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчиларининг саъй-ҳаракати билан кучли, барқарор ва фаровон минтақа — Янги Марказий Осиёнинг мустаҳкам пойдеворини яратиш сари дадил одимланмоқда. Келгусида икки давлат ўртасидаги муносабатлар янада ривожланиши ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун асос бўлиши кутилмоқда. Ташкил этилаётган қўшма ташаббуслар ва келишувлар орқали икки давлатнинг умумий манфаатлари йўлида биргаликда ҳаракат қилиш имконияти яратилади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари янги поғонага кўтарилиши икки қардош халқнинг узоқ муддатли манфаатларига тўла жавоб беради ҳамда Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва жадал тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Ташпўлат Матибаев,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати.