Истиқболли ҳамкорлик давом этади
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасига борди.
Ташрифдан кўзланган мақсад ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат. Вилоят вакиллари Краснодар саноат парки ҳудудидаги “Юнона Инвест” корхонаси раҳбарияти билан учрашди.

Корхонага 1996 йилда асос солинган. У Россия жанубидаги мева-сабзавотларни қайта ишлашга ихтисослашган энг йирик мажмуа ҳисобланади.

Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьев билан учрашди. Унда ҳудудлараро савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар йўналишдаги лойиҳалар истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, 2023 йилда Сирдарё вилояти ва Краснодар ўлкаси ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 133 миллион долларни, жорий йилнинг январь-май ойларида эса бу кўрсаткич 35 миллион долларни ташкил этгани қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, машинасозлик, тўқимачилик саноати ва туризм каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан томонлар бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди. Шу билан бирга эзгу мақсадлар йўлида бизнес вакилларини фаол қўллаб-қувватлаш ва имтиёзлар беришга ҳам келишиб олинди.
Ш.Суяров,
ЎзА мухбири