Истеъмолчилар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида
Навоий вилояти рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси томонидан аҳоли ва истеъмолчилар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида мактаблар ва олийгоҳларда турли семинар ва учрашувлар ўтказилмоқда. Шунингдек, коммунал тизим, йўловчи ташиш ва жамоат транспорти, истеъмол товарлари, дори воситалари нархларининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида мониторинг ва ўрганишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг 2023 йилнинг январь-март ойларида харид қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг энг юқори чегарасини белгилаш юзасидан таҳлиллар ўтказилди.
– Истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонун билан мустаҳкамланган. Қонуннинг 23-моддасида Давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлаши белгиланган, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Н.Исаев. – Истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари иш, маҳсулот, ишлаб чиқарувчилар тўғрисида тўлиқ маълумот олиш, маҳсулотни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли ва хавфсиз бўлишини талаб қилиш, бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга ва бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш ҳисобланади. Шунингдек, истеъмолчи мақбул ноозиқ-овқат маҳсулотини харид қилган кундан эътиборан 10 кун ичида уни сотиб олган жойидаги сотувчидан айнан шундай маҳсулотга алмаштириб олишга, агарда сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.
Бошқарма ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида” ги қонуни ва қонуности ҳужжатлари ижроси юзасидан жорий йил биринчи чорагида 558 маротаба мониторинг ўтказилган. Шундан 124 ҳолатда камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилган. Аниқланган қонун бузилиш ҳолатларининг аксарият қисми ташқи рекламани жойлаштириш талабларига амал қилмаслик ҳолатидир. Бошқармага жорий йилнинг биринчи чорагида истеъмолчилардан 192 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 115 таси ижобий ҳал этилган. 28 тасига тушунтириш берилган ва 25 таси тегишлилиги бўйича ваколатли идораларга юборилган. Натижада 538 нафар истеъмолчининг ҳуқуқи тикланиб, уларнинг фойдасига қарийб 223 миллион 173 минг сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.
А.Бўриев, ЎзА