Истеъмолчилар ҳуқуқи қонун ҳимоясида
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва адолатни қарор топтириш борасида тизимли ишлар изчил давом этмоқда.
Навоий вилоятида ҳам бу йўналишда амалга оширилаётган амалий ишлар ўз самарасини бермоқда. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳудудий тузилмалари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари тезкор ўрганилиб, қонуний ечими таъминланмоқда.
Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига фуқаро Т.А. мурожаат қилди.
Аниқланишича, фуқаро билан қурилиш компанияси ўртасида 2026 йил 2 февралда 230 миллион сўмлик уй-жой шартномаси тузилган. Кейинчалик шартнома бекор қилинган бўлса-да, истеъмолчи томонидан тўланган маблағ ўз вақтида қайтарилмаган.
Ўрганишлар якуни бўйича жамият мутахассислари томонидан истеъмолчининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво киритилди.
Суд қарорига мувофиқ, қурилиш ташкилоти зиммасига истеъмолчи томонидан тўланган 230 миллион сўм маблағни 15 кун муддатда қайтариш мажбурияти юклатилди.
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида судгача бўлган тартибда ҳам кўплаб ижобий натижаларга эришилмоқда. Жумладан, Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро Д.Х. Федерациянинг 1091 ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, Кармана туманидаги “Moto Moto” савдо дўконидан 8 миллион 500 минг сўмга харид қилинган скутер носоз чиққанини маълум қилди.
Мурожаат мутахассислар томонидан ўрганилиб, савдо корхонаси раҳбариятига истеъмолчининг қонуний ҳуқуқлари тушунтирилди. Натижада фуқарога носоз скутер ўрнига янги скутер тақдим этилди.
Худди шундай ҳолат Навбаҳор туманида ҳам кузатилди. Учтут маҳалласида яшовчи фуқаро С.Б. 1091 ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, “Имона” савдо марказидан харид қилинган “Zifler” русумли кондиционер носоз чиққанини, бир неча марта мурожаат қилганига қарамай, маҳсулот алмаштирилмаганини билдирди.
Мурожаат белгиланган тартибда ўрганилиб, савдо ташкилоти раҳбарига қонун талаблари тушунтирилди. Натижада истеъмолчининг кондиционери янгисига алмаштириб берилди.
Бу мисоллар мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими нафақат ҳуқуқий жиҳатдан, балки амалий натижалар билан ҳам мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Айниқса, 1091 ишонч телефони орқали келиб тушаётган мурожаатларнинг тезкор кўриб чиқилиши, низоларнинг кўп ҳолларда судгача ҳал этилиши аҳоли учун қулай ҳуқуқий механизмларни яратмоқда.
Энг муҳими, ҳар бир истеъмолчи ўз ҳуқуқини талаб қилиш, бузилган манфаатларини тиклаш ҳамда зарур ҳолларда суд орқали адолатга эришиш имкониятига эга.
А.Бўриев, ЎзА мухбири