Истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилди
Фуқаро Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманидаги деҳқон бозори ҳудудида жойлашган маиший техника савдо дўконидан 6 миллион сўмга “Смарт” русумли телевизорни бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган.
Аммо бир ой ўтмасдан, телевизор носоз ҳолга келиб қолган. Фуқаро ҳолат бўйича сотувчига мурожаат қилган, бироқ масалани тез кунларда ечишга ваъда берган масъуллардан садо чиқмаган. Сўнг фуқаро Кегейли тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисларига мурожаат қилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ушбу вазиятга аралашиб, ўтказилган ўрганишлар натижасида сотувчи томонидан истеъмолчи ҳуқуқлари қўпол равишда бузилганини аниқлади.
Жамиятнинг аралашуви натижасида ниҳоят истеъмолчининг бузилган ҳуқуқи тикланиб, носоз бўлган телевизор янгисига алмаштириб берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири