Истеъдод ва маҳорат уйғунлашган маскан
Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ёшларнинг тасвирий ва амалий санъатга бўлган қизиқиши ва истеъдоди ривожлантирилиб, уларга мазкур йўналишлар бўйича махсус таълим берилади.
Дастлаб Гулистон тумани Деҳқонобод шаҳарчасида «Тасвирий ва амалий санъат лицей-интернати» сифатида фаолият юритган муассаса 2009 йилда ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига айлантирилди. 2013 йил январь ойида эса Давлат дастури асосида Гулистон шаҳрида махсус қурилган янги бинога кўчирилди.
Муассаса 315 ўринли ўқув корпуси, 100 ўринли ётоқхона, спортзали, алоҳида устахоналар ва 100 ўринли ошхонага эга. Мактаб-интернат жойлашган ҳудуд 1,8 гектарни ташкил этади. 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида унга ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати мақоми берилди.
[gallery-31802]
Айни пайтда мактаб-интернатда 407 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Улар дастгоҳли рангтасвир, интерьер дизайни, ҳайкалтарошлик, ёғоч ўймакорлиги, бадиий каштачилик ва наққошлик, бадиий кулолчилик, асарларни қайта тиклаш, либос дизайни, амалий графика ва локли миниатюра каби йўналишларда махсус фанларни 35 та кичик гуруҳда чуқур ўрганмоқда.
Муассасага 1- ва 5-синфларга ўқувчилар қабул қилиниб, улар 11-синфга қадар таҳсил олади. Ўқув жараёнида умумтаълим фанлари билан бир қаторда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишлари бўйича махсус фанлар чуқур ўқитилади. Битирувчиларга умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома ҳамда давлат намунасидаги диплом берилади.
Мактаб-интернатда 98 нафар педагог ва техник ходим фаолият юритмоқда. Шундан 57 нафари олий маълумотли мутахассислардир. Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида 35 нафар малакали ўқитувчи дарс бермоқда.
Ўқувчиларнинг ижодий ишлари вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги фестиваль, кўргазма ва танловларда намойиш этилмоқда. Хусусан, 2023–2026 йилларда Тошкент шаҳрида ўтказилган анъанавий «Тасвирий ва амалий санъат фестивали»да мактаб-интернат ўқувчилари олтин ва кумуш медалларни қўлга киритди.
Жорий йилда 7-синф ўқувчиси Изатулла Раҳматуллаев «Сеҳрли ранглар» республика танловида Гран-прини қўлга киритди. У хорижий танловда иштирок этиш йўлланмаси билан ҳам тақдирланди.
Мактаб-интернатнинг ёш рассомлари Россия, Франция, Чехия, Беларусь, Эрон ва Италия каби давлатларда ўтказилган халқаро танловларда ҳам иштирок этиб, диплом ва сертификатларга сазовор бўлиб келмоқда.
Умид ОБИДЖОНОВ (сурат), ЎзА