Исроил: Фуқаролар мамлакатни тарк этишига сабаб фақат урушми?
“Financial Times” нашри Исроилдан оммавий чиқиб кетишни “янги тарк этиш” деб атади. Бошқа бир нашр – “National Interest” таъкидлаганидек, бу ҳолатнинг сабаби узоқ давом этган уруш туфайли юзага келган чарчоқ билан чекланмайди.
Асосий омил сифатида 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумга олиб келган муваффақиятсизлик учун сиёсий жавобгарлик йўқлиги ҳам келтирилган. Қолаверса, ҳарбий юк нотекис тақсимланиши тобора кескинлашмоқда. Аҳолининг 14 фоизидан ортиғини ташкил этувчи ультра-православ ҳамжамияти асосан ҳарбий хизматдан озод қилинган.
Яна бир муаммо – урушнинг ўзгарувчан табиати. Одатда қисқа ва шиддатли можарога таянган Исроил бир вақтнинг ўзида бир неча фронтда Ғазо сектори, Эрон, Ҳизбуллоҳ ва хусийларга қарши узоқ давом этаётган ҳарбий амалиётга аралашиб қолди. Айни ҳолат захирадагиларга айниқса жиддий юк туширмоқда.
– Исроилликлар асосан бахтли жангчилар, – дея таъкидлайди муаллиф ва мамлакат дунё бахт рейтингида саккизинчи ўринни эгаллаганини таъкидлайди. Унинг фикрича, аҳоли чиқиб кетишига нафақат уруш оқибати, балки мамлакат сиёсий раҳбарияти ва ижтимоий шартномага “ишонч барометри” сифатида ҳам қаралиши лозим. Бу тенденцияни қайта тиклаш мумкин ё йўқлигига октябрда бўлиб ўтадиган парламент сайлови ойдинлик киритади.

2023 йил бошидан бери 268 930 киши Исроилни камида уч ойга тарк этди: ўн йил аввалги кўрсаткичдан уч баробар кўп. Бу рақам Тель-Авив университети томонидан Марказий статистика бюроси маълумотига асосланган тадқиқотда келтирилган.
Фақат 2025 йилнинг ўзида 90 922 фуқаро мамлакатни тарк этган. Тадқиқот муаллифлари ҳисоб-китобига кўра, улардан 45 000-50 000 нафари камида бир йил кетиши мумкин. Парламентнинг Иммиграция ва абсорбсия қўмитаси раиси Гилад Карив ҳозирги вазиятни “миграция тўфони” деб атади.
– Исроил миграция тўфонига дуч келмоқда ва ҳукумат ҳеч нарса қилмаяпти, – деган у. – Кетаётганларнинг кўпчилиги шифокор, муҳандис ёки олим. Бу мамлакат келажаги учун стратегик таҳдиддир.

Изланувчилар фикрича, малакали мутахассислар оммавий равишда чиқиб кетиши юқори технология соҳаси, тиббиёт ва академик доираларга жиддий зарар етказиши мумкин. Эмиграциянинг ҳозирги кўлами ҳали мамлакат барқарорлигига бевосита таҳдид солмаслиги, қачонки тенденция давом этса, иқтисодиёт ва хавфсизлик учун хавф кучайиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА