Ислоҳотлар амалий натижага айланяпти
Аҳолини сифатли ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тизимини такомиллаштириш, мавжуд инфратузилмани янгилаш ва сув таъминоти хизматлари қамровини кенгайтириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири. Сирдарё вилоятида ҳам бу борада изчил ва манзилли ишлар олиб борилиб, белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалий натижага айланмоқда.
Тоза ичимлик суви инсон ҳаёти ва саломатлиги учун энг зарур неъматлардан бири. Шу боис бугун сув таъминоти масаласига оддий коммунал хизмат сифатида эмас, балки аҳоли турмуш фаровонлиги, жамоат саломатлиги ва ҳудудлар тараққиёти билан бевосита боғлиқ муҳим вазифа сифатида ёндашилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 июль куни ичимлик ва оқова сув хизматларини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган тақдимотда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, хизматлар сифатини ошириш ва қамровни кенгайтириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Тақдимотда келгуси йилларда марказлашган ичимлик суви таъминоти қамровини 90 фоизга, шаҳарларда канализация хизматлари қамровини 80 фоизга етказиш режалаштирилгани таъкидланди. Бунинг учун соҳага қўшимча 1,3 миллиард доллар инвестиция жалб этиш кўзда тутилмоқда.
Белгиланган вазифалар доирасида 513 та маҳаллага марказлашган ичимлик суви тармоқларини олиб бориш, яна 3 мингта маҳаллада сув таъминоти сифатини яхшилаш, 232 мингта сув колонкаси ўрнига ичимлик суви тармоқларини бевосита хонадонларгача тортиш режалаштирилган.
Бу рақамлар замирида эса оддий, аммо ҳаётий мақсад — ҳар бир оилага сифатли, тоза сув етказиб бериш ва аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратиш вазифаси мужассам.
Соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси ҳам мустаҳкамланмоқда. Президентнинг 2026 йил 24 июлда имзоланган «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Ҳужжатда 2026–2027 йилларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ҳудудлар кесимида комплекс ривожлантиришнинг аниқ мақсадлари белгилаб берилган. Жумладан, республика бўйича 5,1 минг километр ичимлик суви тармоғи ва 245 та ичимлик суви иншооти, 1,1 минг километр оқова сув тармоғи ҳамда 81 та оқова сув иншоотини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Шунингдек, марказлашган ичимлик суви таъминоти қамровини 84,8 фоизга, оқова сув хизматлари қамровини 23 фоизга, шаҳарларда эса 76 фоизга етказиш, сув ҳисобини замонавий технологиялар асосида юритиш, энергия самарадорлигини ошириш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва хусусий секторни соҳага кенг жалб қилиш вазифалари белгиланган.

Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар ана шу мақсадларнинг ҳудуддаги амалий ифодасидир. Жорий йилда Давлат бюджетидан ажратилган 44,8 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 15 та объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш белгиланган. 1 июль ҳолатига 9,3 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 8,2 километр ичимлик суви ва 0,8 километр оқова сув тармоқлари ҳамда 4 та ичимлик ва оқова сув иншоотида ишлар бажарилди.
Инвестиция дастури доирасида 6,8 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 5,6 километр ичимлик суви ва 0,8 километр оқова сув тармоқлари ҳамда 2 та иншоотда қурилиш ишлари амалга оширилди.
Драйвер лойиҳалар доирасида 5,7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 6,5 километр ичимлик суви ва 1,2 километр оқова сув тармоқлари ҳамда 4 та иншоотда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

«Янги Ўзбекистон қиёфасидаги» лойиҳалар ҳамда «Оғир туманлар» дастури доирасида эса 31,1 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 26,8 километрга ичимлик ва 12,3 километрга эса оқова сув тармоқлари ҳамда 11 та ичимлик ва оқова сув иншоотида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоятда оқова сув тизимини кенгайтиришга қаратилган яна бир йирик лойиҳа ҳам амалга оширилади. Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 270 миллиард сўм маблағи ҳисобидан Сирдарё тумани маркази ва Гулистон шаҳрида 197,1 километр оқова сув тармоғи, 22 та оқова сув ҳайдаш иншооти ҳамда 1 та оқова сув тозалаш иншооти қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда.

Бу йўналишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг 76 миллион долларлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида 39 миллион доллар ичимлик суви таъминотини яхшилашга, 37 миллион доллар эса оқова сув тизимини ривожлантиришга йўналтирилган. 1 июль ҳолатига ушбу маблағларнинг 14,7 миллион доллари ўзлаштирилиб, 101,9 километр ичимлик суви ва 61,9 километр оқова сув тармоқлари барпо этилди.

Сув таъминоти хизматларини аҳолига янада яқинлаштириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилмоқда. Йил бошидан буён 3,1 мингта янги истеъмолчи тармоққа уланиб, йиллик режанинг 53 фоизи бажарилди. Биринчи ярим йилликда аҳоли ва истеъмолчиларга 7,9 миллион куб метр ичимлик суви етказиб берилди. Кўрсатилган хизматлар қиймати 51 миллиард 270 миллион сўмни ташкил этди.
Хизматлар сифатини ошириш билан бир қаторда, ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш ва тўлов интизомини мустаҳкамлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Натижада 1 июль ҳолатига вилоятдаги дебитор қарздорлик 19 миллиард 932 миллион сўмга туширилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга қисқартирилди.

Сув сарфини аниқ ҳисобга олиш мақсадида йил бошидан буён 9,3 мингта замонавий сув ҳисоблагичи ўрнатилди. Бунинг натижасида вилоятда ҳисоблагич билан таъминланган истеъмолчилар улуши 83 фоизга етди.

— Сув таъминоти соҳасида шаффоф ва аниқ ҳисоб-китоб тизимини шакллантириш муҳим вазифалардан бири. Шу мақсадда истеъмолчиларни замонавий ҳисоблагичлар билан таъминлаш ишларини изчил давом эттиряпмиз. Бу, бир томондан, сарфланган сув ҳажмини аниқ белгилаш имконини берса, иккинчи томондан, ресурслардан тежамкор ва оқилона фойдаланиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳамда хизматлар сифатини яхшилашга замин яратади, — дейди «Сирдарё сув таъминоти» АЖ раҳбари Шаҳбоз Акромов.
Энергия тежамкорлигини таъминлаш борасида ҳам амалий чоралар кўрилмоқда. 2025–2026 йилларда 6 та бино ва иншоотга умумий қуввати 2,9 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Бунинг натижасида бир йилда 4,518 миллион киловатт-соат электр энергиясини тежаш имконияти яратилди.

Сув таъминоти корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобидан 34 та эскирган насос энергия тежамкор насосларга алмаштирилди. Йил бошидан буён ичимлик ва оқова сув тармоқларининг 6,2 километри мукаммал, 66,4 километри жорий таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 20 та махсус техника таъмирланиб, қайта ишга туширилди.
Корхона маблағлари ҳисобидан 11,4 километр ичимлик суви ва 1,9 километр оқова сув тармоқлари ҳам барпо этилди.

Сув ресурсларидан қонуний ва оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида назорат органлари билан ҳамкорликда рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Уларнинг натижасида 315 та ҳолатда 816 миллион сўмлик қонунбузилишлар аниқланди. Шундан 186 таси ноқонуний уланиш, 134 таси эса сувдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларидир.
— Бугун Сирдарё вилоятида сув таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишга жиддий киришганмиз. Бу жараёнда асосий эътиборни янги тармоқлар қуриш билан бир қаторда, мавжуд инфратузилманинг техник ҳолатини яхшилаш, сув йўқотишларини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини юксалтиришга қаратяпмиз. Жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар, жалб этилаётган инвестициялар ва янги лойиҳалар соҳадаги ўзгаришлар изчил давом этаётганидан далолат беради. Олдимиздаги асосий вазифа — бу натижаларни ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадон ҳаётида янада яққол ҳис эттириш, — дейди «Сирдарё сув таъминоти» АЖ раҳбари Шаҳбоз Акромов.

Дарҳақиқат, Сирдарёдаги жараёнларга назар ташланса, соҳадаги ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб бораётганини кўриш мумкин. Янги тармоқлар қурилмоқда, мавжуд инфратузилма таъмирланмоқда, оқова сув тизими кенгайтирилмоқда, ҳисоб-китоблар такомиллаштирилмоқда, энергия тежамкор технологиялар жорий этилмоқда.
Буларнинг барчаси бир мақсадга — аҳолига сифатли, барқарор ва замонавий коммунал хизмат кўрсатишга қаратилган. Ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси эса рақамлар билан бир қаторда, одамларнинг кундалик ҳаётида намоён бўлади. Хонадонга кириб келган ичимлик суви, таъмирланган тармоқ, ўрнатилган ҳисоблагич ёки ишга туширилган иншоот — аҳоли учун аниқ ва сезиларли қулайлик демакдир.

Шу маънода, Сирдарёда амалга оширилаётган ишлар Президент томонидан белгиланган вазифаларнинг жойларда қандай натижа бераётганини кўрсатмоқда. Ислоҳотлар бу ерда қоғоздаги режа бўлиб қолмаяпти — улар босқичма-босқич одамлар ҳаётида акс этаётган амалий натижага айланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири