Ишсиз алимент тўловчилар бандлиги муҳим масала
Сурхондарё вилоятида 22 минг 117 нафар алимент тўловчи истиқомат қилади. Уларнинг 6 минг 962 нафари ишсиз бўлгани учун алимент ундируви билан боғлиқ айрим масалалар ҳам кўндаланг бўлмоқда.
Вилоятда бу масалаларга ечим топиш ва алимент тўловчиларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Учрашув ва меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, ишсиз алимент тўловчиларга вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилмоқда. Ишсиз алимент тўловчиларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир.
Термиз муҳандислик ва агротехнологиялари университетида вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда алимент тўловчилар учун ташкил этилган учрашув ҳам ана шу мақсадга йўналтирилгани эътиборга сазовор бўлди. Учрашувда алимент ундируви соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш ва фарзандлар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди. Банд бўлмаган алимент тўловчиларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини шакллантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Белгиланган алимент маблағи боланинг яшаши, таълими, соғлиғи ва бошқа эҳтиёжларини қондиришга кўмаклашишдан иборат экани таъкидланди. Меҳнат ярмаркасида 35 нафар алимент тўловчининг бандлиги таъминланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Тадбир доирасида алимент тўловларидан бўйин товлаб келган 18 нафар қарздорга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий иш ҳужжатлари очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, жамоатчилик иштирокида муҳокама этилди.
Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 141 миллиард сўм алимент маблағи ундирилиб, унинг 71 миллиард сўми алимент олувчиларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилди.
Қобилжон Турсунов,
МИБ Сурхондарё вилояти
бошқармаси катта инспектори.
ЎзА