Иш ваъдаси ортидаги фирибгарлик
Бугунги кунда аҳолини иш билан таъминлаш, айниқса тиббиёт соҳасида муносиб меҳнат қилиш истагида бўлган фуқаролар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бироқ айрим кимсалар ана шу эҳтиёж ва ишончдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, осон даромад топиш мақсадида фирибгарлик йўлига ўтаётгани афсусланарли ҳолдир. Бундай ҳолатлар нафақат фуқароларнинг молиявий зарар кўришига, балки давлат идоралари ва ташкилотларига бўлган ишончнинг сусайишига ҳам сабаб бўлади.
Ана шундай ҳолатлардан бири Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида аниқланди.
Маълум бўлишича, фуқаро Н.Ж. икки нафар фуқаро — Ҳ.З. ва М.Х.нинг ишончига кириб, уларни ўзининг гўёки юқори лавозимларда фаолият юритувчи танишлари орқали тиббиёт муассасаларига ишга жойлаштириб беришини ваъда қилган. У фуқароларни Бухоро вилояти Перинатал маркази ҳамда Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ҳамширалик вазифасига ишга киритишини айтган ҳолда улардан катта миқдорда пул маблағларини олган.
Текширув жараёнида Н.Ж. мазкур ваъдалар эвазига 3 300 АҚШ доллари ҳамда 9 миллион 700 минг сўм маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги маълум бўлди. Аслида эса у ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариш имкониятига эга бўлмаган ва фуқароларнинг ишончидан шахсий манфаат йўлида фойдаланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиб, мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда иш бўйича барча ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, давлат ташкилотлари ва муассасаларига ишга қабул қилиш белгиланган тартиб ва қонунчилик асосида амалга оширилади. Шу боис фуқаролар турли воситачиларнинг ёлғон ваъдаларга асосланган таклифларига ишониб қолмасликлари, ҳар қандай ҳолатда расмий манбаларга таянишлари муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири