Ироқда Эроннинг таъсир каналларини йўқ қилиш бўйича амалиёт бошланди
Ироқ ҳукумати томонидан бошланган “Тонг амалиёти” кенг кўламли ҳибсга олиш кампанияси давлат муассасалари ва хавфсизлик идоралари ичидаги Эрон таъсирининг кенг тармоғини йўқ қилишга қаратилган, деб хабар тарқатди “Asharq Al-Awsat” газетаси.
Мамлакат ҳукумати ва хавфсизлик хизматларидаги манбаларга кўра, амалиёт параллел йўналишда олиб борилмоқда. Уларнинг асосийси “Эгизак ажралиш” код номи билан аталган махфий амалиёт, дейилмоқда. Амалиётнинг ушбу босқичи моҳияти Бағдоддаги ҳукумат муассасалари ва Теҳрон манфаатларини мувофиқлаштирувчи шахслар ўртасидаги тизимли алоқаларни мажбурий равишда узишдир.
Нишонлар орасида Ироқ ижроия ҳокимиятига интеграциялашган амалдорлар, Эрон тарафдори бўлган қуролли гуруҳлар ва ноқонуний нефть контрабандаси тармоқлари бор, деб ёзилади мақолада.
Манбаларга кўра, “нол соат”дан икки ҳафта олдин Ироқ бош вазири Аз-Зайдий амалиёт режасининг тафсилотларини фақат “чекланган юқори лавозимли амалдорлар доираси” билан яширинча муҳокама қилган. “Мувофиқлаштириш тузилмаси” раҳбарлари атайлаб режанинг бориши ҳақида маълумотдан четлаштирилди, бу эса ички сиёсий кескинликнинг кескин ошишига олиб келди.
Бағдоднинг ҳаракатлари ҳақида газетага изоҳ берар экан, собиқ юқори лавозимли америкалик амалдор амалиёт “номаълумликдан чиқаётган ёш бош вазир учун дадил қадам” деб атади. Манба шунингдек, Аз-Зайдий кабинети қабул қилган улкан геосиёсий хавфларга ҳам ишора қилади. Теҳроннинг позицияси ноаниқликнинг асосий омили бўлиб қолмоқда: манбалар Эроннинг бу чақириққа жавоби ҳали “эшитилмаганини” таъкидламоқда.
С.Раҳимов, ЎзА