Иқтисодий юксалишнинг Фарғона моделида илм, технология ва меҳнат натижа бермоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27-28 апрель кунлари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш учун Фарғона вилоятида бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташрифининг иккинчи куни Фарғона шаҳридаги Инвесторларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди.
Фарғона шаҳрида ташкил этилган «Farg‘ona Expo», халқаро кўргазмалар маркази фаолияти вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини кенг намойиш этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш ва инвесторлар учун қулай сервис муҳитини яратишга қаратилган.
Марказ нафақат кўргазма майдони, балки тадбиркорлар ва инвесторлар учун яхлит мулоқот майдончаси вазифасини ўтамоқда.
Беш гектар майдонни эгаллаган мажмуада 200 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўз маҳсулотларини намойиш этиш имконияти яратилган.

Янги барпо этилган 8 қаватли бинонинг дастлабки икки қавати савдо, инвестиция ва тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар учун ажратилган. Юқори қаватлар эса инвесторлар ва бизнес вакиллари учун офис сифатида тақдим этилади.
Марказда йил давомида 15 та тармоқ йўналиши бўйича доимий кўргазма-ярмарка фаолият юритади. Бу ерда давлат идоралари, ишлаб чиқарувчилар, экспортчилар ва инвесторлар бир майдонда учрашиб, амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўлади.
Фарғона тажрибасининг самарадорлигини инобатга олган ҳолда, бундай замонавий кўргазма залларини Тошкент шаҳри, Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам барпо этиш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёевга Фарғона шаҳрида инвестор ва тадбиркорлар учун жорий этилган “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви ахборот тизими” платформалари ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, invest.gov.uz ва pmi.miit.uz платформалари маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни ягона рақамли майдонда бирлаштириб, инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, амалга ошириш ҳамда мониторинг қилиш жараёнларини очиқ ва шаффоф ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Ягона инвестиция платформаси “ягона дарча” тамойили асосида ишлайди. У орқали инвестор ҳудудларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, тайёр инвестиция лойиҳалари билан танишади, ўзига мақбул йўналишни танлайди ва шахсий кабинет орқали зарур жараёнларни кузатиб боради.
Инвестор лойиҳа бўйича ишларни мустақил юритиши ёки ваколатли консультант хизматидан фойдаланиши мумкин. Юборилган сўровлар Инвестиция вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан интеграциялашган платформада акс этади. Ҳар бир босқич бўйича муддатлар автоматик белгиланади, ижро масъул менежер томонидан назорат қилинади.
Кечикиш ёки муаммоли ҳолатлар юзага келганда, масала Ҳукумат комиссияси муҳокамасига киритилиб, тезкор қарор қабул қилинади. Бундай рақамли ечимлар тадбиркорлар учун қулайлик яратиб, инвестиция муҳитига бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.
Фарғона вилоятида инвесторлар ва консалтинг ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам самарали йўлга қўйилган. Бу янги лойиҳаларни шакллантириш, уларни молиявий ва ташкилий жиҳатдан пухта тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Президентга вилоят учун таклиф этилаётган қатор йирик инвестиция лойиҳалари тақдим қилинди. Жумладан, Хитой билан ҳамкорликда “Евроосиё халқаро савдо маркази”ни барпо этиш, Жанубий Корея билан биопеллет ишлаб чиқариш ва иссиқлик энергияси станциясини ташкил этиш, Туркия билан замонавий тиббиёт кластерини шакллантириш режалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Франция, Испания, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар билан ҳамкорликда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган йирик инфратузилмавий лойиҳа тақдим этилди.
Вилоятда 5 юлдузли меҳмонхона ва замонавий конгресс-холл қуриш, Қувасой шаҳрида янги форматдаги истироҳат боғини ташкил этиш, электромобиллар учун аккумулятор ишлаб чиқариш каби истиқболли ташаббуслар ҳам кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари марказда Фарғона вилоятининг саноат ва хизмат кўрсатиш салоҳиятига оид кўргазмалар билан танишди. Ҳунармандчилик, қурилиш материаллари, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик, чарм-пойафзал ва заргарлик соҳаларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди.
Иккинчи йирик залда озиқ-овқат саноати, экологик транспорт, нефть-газ тармоғи, мебелсозлик, фармацевтика ва кимё саноатига оид маҳсулотлар тақдимоти ташкил этилди. Бу кўргазмалар ҳудудда ишлаб чиқариш тармоқлари кенг қамровда ривожланаётганини намоён қилди.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари хорижий тадбиркорлар билан мулоқот қилди. Инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, олтинни қайта ишлаш фабрикаси фаолиятини кенгайтириш, замонавий кабель ишлаб чиқариш корхонасини барпо этиш билан боғлиқ ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.
Президент тадбиркорларни қийнаётган масалаларни тинглаб, уларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Барча лойиҳаларни амалга оширишда тезкорлик, самарадорлик ва очиқликни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари, аввало, кейинги йилларда ҳудуд иқтисодиётида рўй берган ўзгаришларга тўхталиб ўтди.
Сўнгги йилларда вилоятда 8 миллиард 200 миллион доллар инвестиция ҳисобига 8 мингта замонавий қувват ишга туширилди. Тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс йўналтирилди, тижорат майдонлари 10 миллион квадрат метрга кўпайди. 13,5 минг кичик ва ўрта корхона ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 карра ошди.
Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар 3 баробарга ўсди. Асосийси, сўнгги тўрт йилда ишсизлик 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси эса 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушди.

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Марғилондаги Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларида 241 та эски ҳовли ўрнида 2,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. Наврўз маҳалласида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига бу йил яна 6,5 минг оила кўчиб киради. Бундай ишлар Ёзёвон, Қува туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида ҳам давом этмоқда.
Сўнгги ўн йилда вилоятда 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ва 3 минг койкали шифохоналар ишга туширилди. 167 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларда 40 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Таълим сифати ошгани натижасида ёшларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича Фарғона республикада 3-ўринга кўтарилди.
Қишлоқ хўжалигида 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор яратилди, яна 6 минг гектари янгиланди. Мева-сабзавот экспорти 3 карра кўпайиб, 400 миллион долларга етди. Фарғона, Сўх, Қува туманлари, Марғилон ва Қўқон шаҳрида туризм жадал ривожланмоқда. Ўтган йили хорижий туристлар сони илк бор 500 мингдан, маҳаллий сайёҳлар 3 миллиондан ошди, туризм экспорти эса 185 миллион долларга етди.

– Фарғона аҳли биздан янада катта натижа кутяпти, – деди Президент.
Шу боис, жорий йил вилоятда иқтисодиётни 9,1 фоизга, саноатни 9 фоизга ўстириш, 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш, экспортни 2 карра кўпайтириб, 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда Фарғона давлат идоралари, саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялар, рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.
“Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастури бўйича сертификат олган ёшларнинг энг кўпи Фарғона вилоятига тўғри келади. Вилоят ва туманлар раҳбарларига иқтидорли ёшларни жалб этган ҳолда давлат идораларидаги хизматлар ва жараёнларни рақамлаштириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликларни ошириш топширилди.
Маҳаллаларнинг устунликларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, иш ўрни, қўшилган қиймат ва аҳоли даромадини кўпайтирадиган лойиҳалар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Масалан, Ёзёвон тумани имкониятлари сунъий интеллект ёрдамида ўрганилганда туман иқтисодиётида асосий эътиборни логистикага қаратиш зарурлиги аниқланган. А-373 магистрал йўлининг Ёзёвондан ўтган 35 километр қисми орқали кунига 30 минг транспорт воситаси ҳаракатланади. Шу боис, туманда логистика марказлари, йирик омборлар, йўл бўйи сервис объектларини кўпайтириш орқали иқтисодий айланмани яна 1 триллион сўмга ошириш вазифаси қўйилди.
Сўнгги йилларда Фарғонада IT хизматлари 4 карра ўсиб, экспорт 23 миллион доллардан ошди. Янги ўқув йилидан Қува тажрибаси асосида яна 16 та туманда техникумлар негизида дастурлаш, робототехника, график дизайн ва хорижий тиллар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Фарғона шаҳрида IT-парк университети, Марғилонда ИНҲА университетининг филиалини очиб, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва дастурий муҳандислик йўналишларида йилига 1 минг нафар талабани ўқитиш белгиланди.
Электрон тижоратни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳада Фарғона улуши ҳали паст экани қайд этилиб, вилоятда камида 100 минг квадрат метрли омборхона ташкил қилиш, шундан 30 минг квадрат метрини жорий йилда ишга тушириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Саноат ва ҳунармандчиликка ихтисослашган 126 та маҳалладаги тадбиркорларни электрон тижорат платформаларидан фойдаланишга ўргатиш вазифаси қўйилди.
Қишлоқ хўжалигида мавжуд захираларни ишга солиш ҳам муҳокама қилинди. Вилоятда 370 минг гектар суғориладиган ер, шундан 55 минг гектар боғ ва токзор бор. Қолаверса, 5,5 минг гектар боғ ва токзор эскирган, 6 минг гектар дашт ҳамда адир ерларидан самарали фойдаланилмаяпти. Бу қўшимча 300 минг тонна мева-сабзавот ва иқтисодиётга 2 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратиш имкони экани таъкидланди.
“Қува Агростар” агромажмуаси тажрибаси алоҳида қайд этилди. Бу ерда кооперация асосида томорқа ва деҳқон хўжаликларига кичик цехлар қуриш, деҳқонларни ўқитиш, ин-витро лабораторияда етиштирилган кўчатлар билан таъминлаш ва тайёр маҳсулот экспортига кўмаклашиш йўлга қўйилмоқда. Мана шундай ёндашувларни барча туманларда жорий қилиш, 5,5 минг гектар эскирган боғларни тўлиқ янгилаш топширилди.
Вилоятда 50 минг гектар кам ҳосилли пахта ва ғалла ерлари ҳамда самараси паст боғлар ўрнида супер интенсив боғлар яратиш бўйича катта дастур ишлаб чиқилади. Бу йил 611 минг тонна мева, 252 минг тонна узум, 1,8 миллион тонна сабзавот, 119 минг тонна шоли етиштириб, мева-сабзавот экспортини 25 фоизга ошириш ва 500 миллион долларга етказиш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари инвестиция масалаларига ҳам тўхталди. Вилоятда саноат зоналари учун ажратилган 1 минг 77 гектар ердан самарали фойдаланиш, ҳар бир гектарда йилига камида 50 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш асосий мезон бўлиши белгиланди. Саноат зоналарида 5 миллиард долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди.
Бешариқдаги Андархон маҳалласида эркин савдо зонаси ташкил этиш, Қўқондаги механика заводи ҳудудида 70 миллион долларлик йирик савдо комплексини барпо этиш таклифлари қўллаб-қувватланди.
Туризм соҳасида ҳам катта имкониятлар борлиги қайд этилди.
– Тарихий обидалар ва бетакрор табиатни ўзида жамлаган Фарғонада хорижий туристлар оқимини яна 2-3 карра оширса бўлади, – деди Президент.
Бунинг учун Қўқон ва Марғилонни зиёрат туризмига, Сўх, Қува, Бешариқ ва Фарғона туманларини тиббий ҳамда экотуризмга ихтисослаштириш зарурлиги таъкидланди. Қувадаги “Каркидон” сув омбори атрофида дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда вазиятлар маркази ташкил этилгани қайд этилиб, мамлакатдаги бошқа сув омборларини ҳам босқичма-босқич аҳоли ва сайёҳлар учун қулай масканларга айлантириш вазифаси қўйилди.
Марғилонда “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг очилиши миллий қадриятлар ва тарихимизни дунёга намоён этадиган муҳим қадам сифатида баҳоланди. Фарғона туманида “Шоҳимардон – Ёрдон” халқаро курорт зонаси, “Водил” малина-агротуризм кластери, “Аввал” кўнгилочар туризм мажмуаси ва “Чимён” санаторий-курорт зонаси каби лойиҳалар амалга оширилмоқда. Келаси йил якунигача 300 миллион долларлик 50 та туризм лойиҳасини ишга тушириш зарурлиги белгиланди.
Қўқонда 64 та маданий мерос объектини қамраб олган 3 та пиёда туризм маршрути ишлаб чиқилган. Шаҳардаги маданий мерос объектларида жойлашган давлат идораларини бошқа биноларга кўчириш, тарихий объектларни туризм ва маданият масканларига айлантириш бўйича топшириқлар берилди.
Сўх туманида экотуризм, агро ва тиббий туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Сўх дарёсининг Сариканда, Истиқлол ва Ровон маҳаллаларидан ўтган қисмида 130 гектар майдонда йирик туризм комплексини барпо этиш, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда туманни ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш топширилди. Умуман, туманга янгича қиёфа олиб кириш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиниши эълон қилинди.
Йиғилишда Фарғонанинг бой маданий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Қўқон адабий муҳити антологияси ва электрон платформасини яратиш, Адабиёт ва ижод мактабини ташкил этиш таклиф қилинди. Ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш мақсадида вилоятдаги 100 та маҳаллада намунавий маҳалла кутубхоналари ташкил этилади, бук-кафе очган тадбиркорларга солиқ ва ижара тўловлари бўйича имтиёзлар берилади. “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ҳар икки йилда Халқаро китобхонлик фестивалини ўтказиш, унга дунёнинг машҳур ёзувчи ва шоирларини таклиф қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Фарғона маданиятининг ажралмас қисми бўлган аския санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Марғилонда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилгани қайд этилиб, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, туман маданият марказлари ҳамда мусиқа-санъат мактабларида аския ва қизиқчилик маҳорати йўналишларини очиш топширилди.
Йиғилиш давомида вилоят ва туманлар раҳбарларининг ҳисоботлари, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакилларининг фикрлари тингланди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги IT-парк мажмуасида яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Мазкур мажмуа давлатимиз раҳбарининг 2024 йил август ойидаги ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида барпо этилган. 150 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобига қурилган объект бир вақтнинг ўзида 200 нафаргача фойдаланувчини қамраб олади. Йилига 3 мингдан ортиқ ёшларни ўқитиш, уларни амалий лойиҳаларга жалб этиш ва АТ хизматлари кўрсатиш имконияти яратилган.
Марказда фрилансерлар ва дастурчилар учун замонавий коворкинг муҳити, резидент компаниялар учун тўлиқ жиҳозланган офислар ташкил этилган. Бу ерда таълим, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари ўзаро боғланган ҳолда йўлга қўйилган. Яратилган инфратузилма ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтириб, барқарор даромад топишига хизмат қилади.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Фарғона вилоятида АТ хизматлари ҳажми 4 баробарга ўсиб, экспорт 23 миллион доллардан ошган. Ҳозирги кунда вилоятда “IT-парк” резидентлари сони 139 тага етган. 2025 йилда 22,7 миллион долларлик ахборот технологиялари хизматлари экспорт қилинган.

Янги парк доирасида резидентлар сонини 200 нафарга етказиш, 700 та янги иш ўрни яратиш, хизматлар ҳажмини ошириш ҳамда 30 миллион долларлик экспортга эришиш мақсад қилинган.
Келгусида мазкур мажмуада сунъий интеллект технологиялари хабини ташкил этиш, бошқарув тизимларини рақамлаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, сунъий интеллект, дастурлаш, график дизайн, компьютер саводхонлиги ва инглиз тили бўйича замонавий ўқув курслари йўлга қўйилади. Стартаплар учун венчур молиялаштириш, грантлар ва акселерация дастурлари жорий этилади.
Президентимиз парк резидентлари ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ёшлар билан мулоқот қилди. Улар томонидан илгари сурилган ташаббус ва ғоялар қўллаб-қувватланди.
Давлатимиз раҳбари Фарғона вилояти футбол ассоциациясига қарашли футбол маркази ва “Нефтчи” болалар футбол академиясида яратилган шароитлар билан танишди.

Фарғона вилояти ўзининг бой футбол анъаналари ва истеъдодли чарм тўп усталари билан машҳур.
Жумладан, 1962 йилда ташкил этилган “Нефтчи” футбол клуби Ўзбекистон Суперлигасининг 6 карра чемпиони, мамлакат кубогининг 2 карра ва суперкубокнинг 1 карра соҳиби ҳисобланади. Шунингдек, клуб 1994 йилда МДҲ кубоги финалчиси бўлган, 1994-1995 йилларда эса Осиё чемпионлар лигасида бронза медалларини қўлга киритган.
Бугун ҳам ҳудудда иқтидорли ёш футболчиларни саралаб олиш ва тайёрлаш, малакали мураббийлар захирасини шакллантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, профессионал футбол клублари академияларини ривожлантиришга қаратилган чоралар натижасида 2025 йилда “Нефтчи” болалар футбол академияси ташкил этилди.

4,5 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган академия 150 нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар учун мўлжалланган. Бу ерда 6 та катта ва кичик футбол майдони, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозланган физиотерапия бўлими фаолият юритади.
Академияда 1,1 миллион долларлик сунъий қопламали, ҳаво гумбаз билан ёпилган ёпиқ футбол манежи барпо этилган.
Вилоятда футбол муҳитини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни саралаш мақсадида UEFA инструкторлари ва бошқа халқаро мутахассислар жалб қилинган.
Президентимиз академияда футболчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг машғулотларини кузатди.

Фарғона вилоятига ташрифи доирасида давлатимиз раҳбари Фарғона халқаро аэропортини ривожлантириш концепцияси тақдимоти билан танишди.
Бугунги кунда Фарғона аэропортидаги терминал ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритиб келмоқда. Унинг ўтказувчанлик қуввати, йўловчиларга қулайлик даражаси, шунингдек, авиация ва ноавиация хизматларини ривожлантириш имкониятлари замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермай қолган.
Шу боис парвозлар географиясини кенгайтириш, ҳудуднинг ўсиб бораётган иқтисодий фаоллиги ва сайёҳлар оқимига мос равишда хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида аэропорт инфратузилмасини комплекс ривожлантириш режалаштирилган.
Тақдимотда учиш-қўниш йўлагини узайтириш ва кенгайтириш, аэродром инфратузилмасини модернизация қилиш, янги йўловчи ҳамда юк терминалларини барпо этиш масалалари кўриб чиқилди.
Майдони 20 минг квадрат метр бўлиши кутилаётган янги йўловчи терминали ҳозирги имкониятларга нисбатан икки баробар кўп – 1,2 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Шунингдек, қўшимча самолёт тураргоҳлари барпо этилиб, ҳаво кемаларини сақлаш имконияти 10 тагача етказилади.

Янги терминалда кенг кутиш заллари, замонавий сервис нуқталари, қулай рўйхатдан ўтиш ва назорат тизимлари, шунингдек, юқори мартабали меҳмонлар учун алоҳида хизмат кўрсатиш шароитлари яратилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари аэропорт ҳар қандай ҳудуднинг “дарвозаси” эканини таъкидлаб, бу ерда замонавий сервисни йўлга қўйиш, транспорт ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ёндош тармоқларни ривожлантириш бўйича тавсиялар берди.
Лойиҳалаш, қурилиш ва янги терминални кейинчалик бошқаришни халқаро стандартлар асосида, тегишли тажрибага эга хорижий операторларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Фарғона водийсида транспорт боғлиқлигини кучайтириш, сайёҳлар оқимини ошириш ва ҳудуднинг логистик марказ сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА махсус мухбирлари