Гулсевар Хўжамова Жалақудуқ туманида таваллуд топган. Ҳозирда Андижон давлат педагогика институти педагогика факультетида таҳсил олади. Эндигина 21 ёшини нишонлаётган бу қиз интилиши, изланиши, фаоллиги билан қатор муваффақиятларга эришаётган юртимизнинг иқтидорли ёшларидан биридир.
Айни пайтда у институтда таҳсил олиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш билан бирга, Инновацион ривожланиш агентлиги ҳузуридаги Андижон ёшлар технопарки “InnoX” дастури мутахассиси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг Андижон вилояти координатори сифатида ҳам самарали фаолият юритмоқда.
– Мен таълим соҳасини рақамлаштириш, EdTech'ни жорий этиш, таълим ва технологияни боғлаш орқали янги авлод таълимини шакллантиришга интилаётган ёш тадқиқотчилардан бириман, – дейди Гулсевар Хўжамова. – Бундан ташқари, тенгдошларимнинг фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, ташаббускор ёшлар билан бирга ишлаш ва аниқ натижаларга эришишга алоҳида эътибор қаратаман.
Гулсевар Хўжамова доимий олға интиладиган, изланувчан, илғор тажрибаларни ўрганишга қизиқадиган, энг асосийси, доимий равишда ўз устида ишлайдиган ёшлар сирасига киради. Хусусан, у олиб борган тадқиқотлари, илмий изланишлари мавзулари доирасида ўзи ишлаб чиққан ўқув ҳамда мобил қўлланмалари учун Интеллектуал мулк агентлиги томонидан 5 та патент соҳиби бўлган.
Масалан, унинг Ўзбекистонда ишга жойлашиш имкониятларини максимал даражада ошириш, иш изловчиларни бозор талабларига мос тарзда тайёрлаш, амалий ва ижодий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда этик қадриятларни шакллантиришга қаратилган “SkillHub Uzbekistan” стартап лойиҳаси (инновацион онлайн платформа) мутахассислар, устозлар ва амалиётчилар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Гулсевар Хўжамованинг рақамли педагогика соҳасига оид ўқув, ўқув-методик қўлланма ва илмий мақолалари нафақат юртимиздаги, балки Россия, Германия, Америка, Индонезия, Англия, Испания, Туркия каби 10 га яқин давлатларда чоп этиладиган илмий нашрларда эълон қилинган. Шунингдек, республика ва халқаро миқёсдаги кўплаб анжуманлар, кўргазмалар ҳамда турли дастур ва ҳафталиклар доирасидаги тадбирларда ҳам фаол қатнашиб келади.
Ўтган йили у инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантириш ва уларни амалиётга татбиқ этиш ишларига муносиб ҳисса қўшганлиги учун “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Юртимиздаги иқтидорли ёшларни саралаш, уларни илм-фан, технология ва инновация соҳаларига жалб этиш, салоҳиятларини юзага чиқариш мақсадида 2021 йилда ташкил этилган “Ёшлар академияси” бугунги кунга келиб ана шу йўналишдаги муҳим платформага айланди. Ҳозирда академия орқали минглаб ёшлар ўз имкониятларини намоён этиб, янги ғоя ва ташаббусларини амалга оширмоқда.
Хусусан, “Ёшлар академияси”нинг Андижон вилоятидаги фаолияти мисолида ҳам иқтидорли ёшларнинг фаоллиги ва юқори натижаларга эришаётганликларини кўриш мумкин. Вилоят ёшлар академияси жамоаси атрофида йиғилган 500 нафарга яқин иқтидорли ёшлар бугун нафақат академик билим, балки амалий инновацион лойиҳалар, стартаплар, рақамли ечимлар устида ҳам самарали иш олиб бормоқда.
– Ёшлар академияси етакчилиги орқали вилоятдаги ёш олимлар, инноваторлар, стартаперлар, IТ мутахассислари ва бошқа иқтидорли ёшларга илм-фан, технологиялар ҳамда стартап соҳаларида кўмак бериш имконига эга бўлдим, – дейди Гулсевар Хўжамова. – Бугунги кунда Ёшлар академияси Андижон вилояти жамоаси сафига 375 нафар фаол аъзо, 35 нафар лидерлар жамланган. Уларнинг кўпчилиги – талабалар, ёш тадқиқотчилар, муҳандислик ва IT соҳаси билан шуғулланувчи ёшлардир. Ана шу ёшлар томонидан турли йўналишларда семинар-тренинглар, хакатонлар, менторлик дастурлари, технотурлар ўтказиб келинмоқда.
Кейинги икки йил давомида академиянинг андижонлик 17 нафар фаол аъзоси томонидан турли йўналишларда стартап ва инновацион лойиҳалар яратилди. 100 нафарга яқин иқтидорли ёшлар ўзларининг ташаббус ва инновацион лойиҳалари билан маҳаллий ҳамда халқаро грант танловларида қатнашиб, умумий қиймати 1,6 миллиард сўм бўлган грант маблағларини ютиб олди. Бундан ташқари, иқтидорли ёшларни Ёшлар академияси ҳамда турли лойиҳаларга кенгроқ қамраб олиш, инновацион муҳитни шакллантириш мақсадида “InnoGirls”, “Startap booster”, “Student experience exchange” сингари стартап лойиҳалар амалга оширилди.
Шунингдек, Ёшлар академияси сафига қабул қилинган ёшлар “Мирзо Улуғбек ворислари” республика кўрик-танлови, “Бўлажак олим” инновацион лойиҳалар, “Бизнесга биринчи қадам” стартап лойиҳалар , “Идеатон-2030” илмий-инновацион лойиҳалар ва бошқа қатор танловларда ғолибликни қўлга киритди. Жумладан, Андижон давлат тиббиёт институтининг ёш олими Ислом Бекташевнинг “Ақлли тиббиёт”, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти магистри Араббой Азимовнинг “MicroGes”, Наманган муҳандислик ва технологиялар институти талабаси Гулшода Аҳмаджонованинг “Такомиллаштирилган Тоштутгич қурилмаси”, Ўзбекистон миллий университети магистри Шукрулло Фозилжоновнинг “Labs Online” лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим муассасалари ҳамда танлов ташкилотчилари томонидан молиялаштирилди ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Ёшлар академияси Андижон вилояти жамоаси жорий – 2025 йилда ҳам ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Жамоанинг стратегик режалари доирасида ахборот технологиялари ва маданий мерос интеграциясини таъминлаш учун АР/ВР технологиялари асосида вилоятдаги маданий мерос объектларини рақамлаштириш, шунингдек, академияга аъзоларни саралаш бўйича танловлар, ҳудудий ассамблеялар, ёш ихтирочи ва инноваторлар билан ишлаш бўйича стратегик сессиялар ўтказилиши белгиланган.
[gallery-22734]
Шу билан бирга, Ёшлар академияси фаолиятини ривожлантириш, кенг жамоатчиликка таништириш, аъзоларнинг фаоллигини ошириш, янги-янги иқтидор эгаларини кашф этиш борасида ҳам кенг кўламли тарғибот, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Гулсевар Хўжамова етакчилигидаги Ёшлар академиясининг Андижон вилоятидаги лидерлари, аъзолари ўзларининг фаоллиги ва самарали фаолияти, турли муаммоларни бартараф этишга қаратилган инновацион ва стартап лойиҳалари билан Ёшлар академияси фаолиятини ривожлантиришга, андижонлик иқтидорли ёшларни жипслаштириш, қўллаб-қувватлаш ишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.