Иқтидорли ўзбек вокалчиси энди жаҳон саҳналарини забт этади
Ўзбекистонлик ёш опера хонандаси Мумтозбегим Очилованинг Houston Grand Opera томонидан 2026 йилги “Ёш артистлар дастури”га қабул қилиниши миллий вокал санъатимиз учун муҳим воқеа ҳисобланади. Мумтозбегим Очилова мусиқий томонлама иқтидорга эга, қолаверса билимли ва ижтимоий фаол шахс ҳам ҳисобланади. Бунга мисол сифатида, унинг мамлакатимизда катта нуфузга эга “Эл-юрт умиди” стипендияси совриндори эканини келтиришимиз мумкин.
“Ёш артистлар дастури” профессионал опера саҳнасига кириш учун ўзига хос “кўприк” бўлиб, ёш хонандаларни амалий тажриба билан бойитишга қаратилган. Ҳар йили Америка Қўшма Штатлари бўйлаб юзлаб номзодлар ичидан атиги 16 нафар ёш операчининг сараланиши унинг нақадар юқори даражадаги рақобатга эга эканини кўрсатади.
Танлов жараёнида вокал имкониятларидан ташқари, саҳна маданияти, актёрлик қобилияти, ижодий мослашувчанлик каби кўплаб мезонлар инобатга олинади. Дастур давомида иштирокчилар профессионал муҳитда тайёргарликдан ўтади. Жумладан, улар юқори даражадаги вокал педагоглар билан индивидуал машғулотлар олиб бориш, актёрлик маҳоратини ривожлантириш, саҳна ҳаракати ва образ яратиш устида ишлаш имконига эга бўлади.
“Ёш артистлар дастури”нинг яна бир муҳим жиҳати, кенг қамровли нетворкинг имкониятидир. Иштирокчилар дунёнинг етакчи дирижёрлари, режиссёрлари, вокал устозлари ҳамда кастинг менежерлари билан танишиб, ўз профессионал тармоғини шакллантиради. Кўплаб маҳорат сабоқлари ва семинарлар эса уларнинг ижодий тафаккурини кенгайтиришга ёрдам беради. Мумтозбегим Очилованинг ушбу нуфузли дастурга қабул қилиниши бир неча жиҳатдан аҳамиятли.
Дарвоқе, яқинда давлатимиз раҳбари томонидан Мумтозбегим Очиловага катта ишонч билдирилган эди. Ёш ижодкор бу ишончга ўзининг изчил меҳнати, интилиши ва ютуқлари билан муносиб жавоб бермоқда. Мазкур ютуқ нафақат бир талабанинг шахсий муваффақияти, балки ўзбек ёшларининг жаҳон маданий майдонидаги салоҳияти ва рақобатбардошлигини намоён этувчи муҳим воқелик.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА