Иқтидор ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим қадам
“Ёшлар куни” муносабати билан Ёшлар ишлари агентлиги ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти томонидан иқтидорли ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Очиқ мулоқот давомида мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг илм-фан, маданият ва ижод соҳаларидаги фаоллиги атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, ёшларни турли салбий иллатлар ва жиноятчиликдан асраш, уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир жараёнида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, долзарб таклиф ва ташаббусларини илгари сурди. Раҳбарият томонидан ёшларнинг фикр ва ғоялари диққат билан тингланиб, уларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув доирасида институт талабалари томонидан тайёрланган ижодий ишлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Унда рассомлик ва дизайн соҳасидаги миллий ва замонавий йўналишдаги асарлар меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари институт музейи билан танишиб, миллий санъатимиз тарихи ва унинг ривожланиш босқичлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди. Таълим жараёни, амалий машғулотлар, ижодий лаборатория ва устахоналар фаолияти ҳам кўздан кечирилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур учрашув ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, шунингдек, жамиятда соғлом ва барқарор муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим ташаббуслардан бири сифатида аҳамият касб этди.

Гулноза Бобоева, ЎзА