Интизомий чораси бор ходимни рағбатлантиришни тақиқлаш бекор қилиниши мумкин
• Фарзандли бўлган оталарга ҳам қўшимча таътил берилишиши кутилмоқда.
•Интизомий чораси бор ходимни рағбатлантиришни тақиқлаш бекор қилиниши кутилмоқда.
•Иш ҳақини кечиктирганлик учун компенсация тўлаш тартиби белгиланмоқда.
•Ишсизлик нафақасини белгилаш тартиблари такомиллаштирилмоқда.
•Меҳнат шартномаси бекор бўлган шахсларга меҳнат ташкилотлари томонидан ахборот олинган кундан бошлаб иш таклиф этилиши белгиланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинган меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасида шу каби тартиблар ўз аксини топмоқда.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилмоқда. Фуқарони ишга қабул қилишда асосан унинг шахсий идентификация рақами талаб этилади. Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар эса ҳарбий гувоҳнома ёхуд ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим этиши лозим.
Шунингдек, меҳнат муносабатлари рақамлаштирилмоқда. Ишга киришда электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма бериш бекор қилинмоқда. Электрон рақамли имзо ёки биометрик идентификация (Face-ID) орқали тасдиқланган ҳужжатлар юридик жиҳатдан қўлда имзоланган ҳужжатлар билан тенглаштирилмоқда.
Таъкидланганидек, ҳужжат лойиҳасида меҳнат жараёнида тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишга доир нормалар ҳам ўз аксини топган. Жумладан, бундай ҳолатларни тақиқлаш, уларнинг олдини олиш ва жабрланган ходимларни ҳимоя қилиш чоралари белгиланмоқда.
Иш берувчи томонидан иш ҳақи тўлаш муддати бузилган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун пулли компенсация тўлаш тартиби ҳам назарда тутиляпти.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор саволлар, таклифлар ўртага ташланди ва мутасаддилар томонидан тегишли жавоблар қайтарилди. Таъкидландики, қонун лойиҳаси меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА