Институтда касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда
Бугундан бошлаб Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2026-2027 ўқув йили учун қабул жараёнида бакалавриатнинг алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.
Жисмоний маданият, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича ўтказилаётган имтиҳонларнинг белгиланган талаблар асосида адолатли ва шаффоф ўтиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, тегишли вазирлик ва ташкилотлардан бириктирилган вакиллар томонидан назорат қилинмоқда.

Абитуриентларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими, шунингдек, бошқа ташкилотлардан мутахассислар бириктирилган бўлиб, улар томонидан ҳар бир абитуриентнинг тайёргарлиги холисона баҳоланиб, тўплаган баллари дарҳол маълум қилинмоқда.

Маълумот ўрнида, жорий йилда Нукус давлат педагогика институтида бакалавриатнинг жисмоний тарбия, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича 500 дан ортиқ абитуриент касбий (ижодий) имтиҳонларни топшириши кутилмоқда.
Институтда касбий (ижодий) имтиҳонлар жорий йилнинг 8-июль кунига қадар давом этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири