Инсонийликнинг олий мезони
Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган 30-сонли меҳрибонлик уйида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси томонидан саховат тадбири бўлиб ўтди.
Маълумки, халқимизга хос хислатлар ҳақида сўз кетганда, мурувват ва меҳр-оқибат, саховатпешалик алоҳида тилга олинади.Бу каби инсоний фазилатлар юртдошларимизнинг кундалик ишлари, ниятлари билан уйғунлашиб кетган.

Шу сабаб, инсон қадри улуғланаётган янги Ўзбекистонда ёлғиз қариялар, пенсионер, ногиронлар ҳамда меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар ҳолидан хабар олиш, ғамхўрлик кўрсатиш учун барча зарур шарт-шароит яратилмоқда.

Тадбирда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун турли спорт ўйинлари, давра суҳбатлари, академия оркестри, ҳарбий хизматчилари ва курсантлари ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, бир-биридан қизиқарли маънавий-маърифий мусобақалар ташкил этилди. Байрамона дастурхон атрофида йиғилиб, тарбияланувчилар билан илиқ суҳбат қурилди ва ёнғин хавсизлиги борасида тушунчалар берилди.. Шунингдек, уларга бадиий китоблар тўпламлари, эсдалик совғалари топширилди.



–Ташкил этилган тадбирларни тарбияланувчилар катта қизиқиш билан қабул қилишди ва уларнинг ўзлари ҳам ушбу тадбирларда фаол иштирок этди, –деди меҳрибонлик уйи директори – Феруза Усмонхўжаева. –Шунингдек, жажжи болажонларга кўтаринки кайфият улаша олган куй-наволар уларнинг қалбларида ўчмас из қолдирди. Хайру саховат инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ва оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади десам муболаға бўлмайди.
Гулноза Бобоева,ЎзА