Инсон қадри – барча нарсадан устун
Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар натижаларини ҳаётимизнинг Асосий Қомуси бўлмиш Конституциямизда ўз аксини топишини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган сиёсий жараёнларда аҳолимиз жуда фаол қатнашаётганлиги қувонарли ҳол. Бу биринчи навбатда халқимизнинг ўз келажаги учун бефарқ эмаслигини кўрсатса, иккинчи томондан мамлакатимизда “Инсон қадри” тамойили асосида олиб борилаётган барча ўзгаришларнинг фаол иштирокчиси эканлигидан далолат беради.
Янгиланаётган Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилганлигини ҳам мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаро яхши англамоқда. Таъкидлаш жоизки, Конституциямизга киритилаётган нормаларда ушбу тамойил янада мустаҳкамланмоқда.
Масалан, айбсизлик презумпциясига янада аниқлик киритилиб, Хусусан, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги кўрсатилган бўлса, эндиликда (28-моддада) суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши белгиланланмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодексида ўлим жазосининг йўқлиги барчага аён бўлсада, янгилананётган Конституциямизнинг 25-моддасида Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши белгиланмоқда. Аслида, ушбу нормаларда инсоннинг асосий фундаментал ҳуқуқлари кўрсатилиб, улар албатта Конституцияда мустаҳкамланиши зарур. Қолаверса, бундай қоидаларни Конституцияга киритилиши билан уларнинг мақоми оширилади, эндиликда улар конституциявий норма бўлади ҳамда улардан воз кечиш ёки орқага қайтиш бўлмайди.
Муқаддас Рамазон ҳайити арафасида ушбу йўналишда яна бир эзгу қадамга гувоҳ бўлдик. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида” ги фармонни имзолади. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 541 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 374 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 110 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 18 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 39 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Афв этилганларнинг 36 нафарини чет эл фуқаролари, 136 нафарини аёл, 75 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда 6 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ фуқароларнинг Рамазон ҳайити арафасида Президент фармони билан афв этилиши мамлакатимизда инсон қадри барча нарсадан устунлигининг амалдаги ифодаси бўлди. Қанчадан-қанча инсонларга, уларнинг оиласи ва яқинларига ҳақиқий байрам совғаси бўлди. Аслида, афв этишдан кўзланган мақсад хато қилганни фақат кечириш эмас, балки уларнинг оилаларига ҳам рўшнолик олиб киришдир.
Мазкур афвнинг ўзига хослиги шундаки, ҳар бир хонадонда хурсандчилик, шукроналик ҳукм сураётган бугунгидек байрамона кунларда афв этилганлар ҳам ўз оиласи, яқинлари бағрида том маънода байрам шукуҳини ҳис қилади. Муборак Рамазон ҳайити арафасида қўйилган навбатдаги қадам инсонпарварлик сиёсатининг амалдаги ифодаси бўлди. Зеро, давлатимиз олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатда “Инсон қадри” тамойили муҳим ўрин тутишини дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.
Абира Ҳусейнова,
Омбудсманнинг Бухоро вилояти минтақавий вакили, сенатор,
ЎзА