Инсон изласа имкон топади
Халқ банки Бухоро вилояти филиали бошлиғининг аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Наргиза Латипова жойларда тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қўлида ҳунари бор, аммо имконияти йўқ, аввал ўқитиш, касб ва ҳунар ўргатиш, сўнг имтиёзли кредитлар ажратиш, хотин-қизлар қобилиятини юзага чиқариб, тадбирколикка йўналтириш, халқ банкининг йирик мижозлари имкониятларидан фойдаланиб, бўш иш ўринларига хотин-қизларни ишга жойлаштириш мақсадида хотин-қизлар билан учрашиб муаммоларни ўрганмоқда.
Шундай учрашув Вобкент туманининг “Шанба” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. Маҳалла ҳудудида 23 нафар аёллар “Аёллар дафтари”га киритилган. Ишсиз ижтимоий ҳимояга мухтож хотин-қизлар билан ўқув-семинар ташкил қилинди.
Семинарда хотин-қизларнинг бандлигида учраётган муаммолар ҳақида гапиришди. Муаммолар ечими бўйича баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Ечим изланиб, муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Уларга тажрибали тадбиркорлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.
Шу маҳалланинг тадбиркори Гавҳар Амируллаева томонидан ер ажратиш, тадбиркорлигини янада кенгайтириб, аёлларни иш билан таъминлаш бўйича ташаббус илгари сурилди.
Ҳилола Йўлдошева тикувчиликни йўлга қўйиш учун тикув машинаси, Нозима Худоёрова товуқчилик билан шуғулланишини, Феруза Бақоева беданачиликни ривожлантиришни билдирди. Бунинг учун имтиёзли кредит ажратишда амалий ёрдам беришларини сўради. Аёлларга Вобкент тумани Халқ банки ўринбосари Зарина Алламурадова имтиёзли кредитлар бўйича тушунтириш берди.
Дилдора Хўжаева ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бири. Унинг ҳам боласи, ҳам турмуш ўртоғи ногирон. Шундай бўлишига қарамай Дилдора опа доим шукр қилиб яшайди. Уйида товуқчилик билан шуғулланади. Қишлоқ врачлик пунктида хизматчи бўлиб ишлайди.
– Пешонамда шундай ёзилган экан деб қўлимни қовуштириб ўтирганим йўқ, – дейди Дилдора Хўжаева биз билан суҳбатда. – Фақат шукр қилиб яшайман. Давлатдаги ишим, уйдаги ишларимни бўлганимдан сўнг, кечга ҳар доим уйимда кўрпача қавиш билан шуғулланаман. Буюртмачиларим ҳам кўп. Инсон изласа имкон топади, энг муҳими хоҳиш. Мен хоҳладим ва уддалай оляпман. Агар хоҳлашса маҳалладаги аёлларга ҳам ўргатаман ҳунаримни. Бугун имконият яратилибдими унумли фойдаланиш керак.
Зариф Комилов, ЎзА