Инсон фаровонлиги — тараққиётнинг энг муҳим мезони
Бугун бир оиланинг ҳаётидаги оддий ўзгаришларга назар ташласак, жамият тараққиёти нимада намоён бўлишини англаш қийин эмас. Ота-она фарзандининг яхши мактабда ўқишини, ёш йигит-қиз касб эгаллаб, муносиб иш топишини, кекса инсон ўзини ҳимояланган ҳис қилишини, ишлаётган одам эса меҳнатига яраша даромад олишини истайди. Инсон учун тараққиёт, аввало, ана шу имкониятларнинг кенгайишидир.
Шу боис дунёда ижтимоий ривожланиш масаласи тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Иқтисодиёт қанча тез ўсмасин, агар бу ўсиш инсон ҳаётида сезилмаса, унинг самараси тўлиқ намоён бўлмайди. Янги иш ўринлари, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя, камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар ва ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш каби вазифалар шу сабабли ҳар бир давлатнинг муҳим кун тартибига айланган.
Бу жараёнда парламентларнинг ўрни алоҳида. Чунки одамлар ҳаётига таъсир қиладиган кўплаб қарорлар қонунлар орқали амалга ошади. Қонун эса ўз-ўзидан ишламайди. Унинг бажарилиши, натижаси ва одамларга берган нафини доимий эътиборда ушлаб туриш керак.
Ана шу жиҳатлар Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциянинг мазмун-моҳиятини белгилайди.

Бу ташаббус бир кунда пайдо бўлиб қолмади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур ғояни илк бор 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган эди.
Орадан ўтган вақт мобайнида ғоя устида изчил иш олиб борилди. Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси томонидан расмий маслаҳлашувлар, икки томонлама музокаралар ва бошқа дипломатик учрашувлар ўтказилди. Бундай ёндашув натижасида турли давлатлар манфаатларини ҳисобга олган, умумий мақсадларга хизмат қиладиган ҳужжат шакллантирилди.
Ниҳоят, 2026 йил 24 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси мазкур резолюцияни қабул қилди. Унинг ҳаммуаллифи сифатида БМТга аъзо 61 та давлат иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан бир неча йил аввал илгари сурилган ғоя эндиликда нафақат миллий, балки халқаро кун тартибидаги умумий мақсадлардан бири сифатида эътироф этилди.
Ҳужжатни мураккаб дипломатик тилдан халқига яқин маънога ўгирсак, унинг мазмуни жуда ҳаётий эканини кўрамиз. Масалан, ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш деганда қийин вазиятга тушган инсон ёки оиланинг ёлғиз қолиб кетмаслиги, давлат томонидан зарур ёрдам механизмлари ишлаши тушунилади.
Камбағалликни қисқартириш эса фақат статистикадаги бир рақамни пасайтириш эмас. Бу оиланинг даромади барқарор бўлиши, фарзандларининг таълим олиши, инсоннинг муносиб шароитда меҳнат қилиши ва эртанги кунига ишонч билан яшай олиши учун имконият яратиш демакдир.
Муносиб бандлик ҳақида гап кетганда ҳам масала оддий: инсон ишласин, меҳнати қадрлансин, барқарор даромад топсин ва ўз меҳнати билан оиласини муносиб таъминлай олсин.
Сифатли таълим эса бугунги эмас, эртанги имконият масаласидир. Қишлоқда ёки шаҳарда яшаётганидан қатъи назар, ҳар бир бола яхши билим олиши, замонавий касб эгаллаши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун тенг имкониятга эга бўлиши жамиятнинг келажагини белгилайди.
Резолюцияда айнан шу каби масалалар, яъни миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, муносиб бандликни таъминлаш, сифатли таълим имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий интеграцияни қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилган.
Кўпинча ижтимоий муаммо деганда фақат давлат идоралари фаолияти кўз олдимизга келади. Аслида эса парламентнинг ҳам вазифаси катта.
Масалан, аҳолига керакли ижтимоий хизматларни яхшилаш учун қонунни ўзгартириш зарур бўлиши мумкин. Янги иш ўринлари яратишга қаратилган сиёсатни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳам қонунчиликни талаб этади. Бирор дастур қабул қилинган бўлса, унинг амалда қандай бажарилаётганини назорат қилиш ҳам муҳим.
Шунинг учун парламентнинг вазифаси фақат қонун қабул қилишдан иборат эмас. Қонуннинг ҳаётда ишлаши, белгиланган вазифалар бажарилиши ва натижалар одамларга етиб бориши ҳам эътибор марказида бўлиши керак.
Резолюцияда парламентларни 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш жараёнларига фаолроқ жалб этиш назарда тутилган. Миллий мажбуриятлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилиш ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Яъни, гап оддий бир тамойил ҳақида кетмоқда: одамлар манфаати учун қабул қилинган қарорлар қоғозда қолиб кетмаслиги керак.
Жамиятда қандай қарорлар қабул қилинаётгани унда кимлар иштирок этаётганига ҳам боғлиқ. Шу нуқтаи назардан резолюцияда хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилгани муҳим.
Ёшлар бугун таълим, касб, иш ўрни ва замонавий технологиялар билан боғлиқ масалаларни биринчи навбатда ҳис қилади. Хотин-қизлар эса оила, меҳнат, тадбиркорлик, таълим ва ижтимоий ҳимоя каби кўплаб йўналишларда жамиятнинг катта қисмини ташкил этади.
Шунинг учун уларнинг фикри қарор қабул қилиш жараёнида қанчалик кенг инобатга олинса, қонунлар ва давлат сиёсати ҳам ҳаётга яқинроқ бўлади.
Ҳужжатда рақамли трансформация имкониятларидан ижтимоий ривожланиш мақсадларида фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам белгиланган.
Ушбу ташаббус фақат бир резолюция қабул қилингани билан чекланмайди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз халқаро майдонда умумий масалалар бўйича таклиф ва ташаббуслар илгари сурадиган давлат сифатида кўрсатишга интилмоқда. Бу резолюция ҳам шу жараённинг бир кўриниши.
Аҳамиятлиси, ҳужжатга 61 та давлат ҳаммуаллиф бўлди. Улар орасида Австрия, Германия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Бразилия ва Испания каби турли қитъалардаги йирик давлатлар бор. Резолюцияни қабул қилиш жараёнида 167 та давлат уни ёқлаб овоз берди.
Бу рақамлар ортида муҳим сиёсий маъно бор. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббус турли минтақалардаги давлатлар учун ҳам долзарб ва мақбул бўлгани кўринади.
Яна бир эътиборли жиҳат, резолюцияда Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси ўтказилгани ва ижтимоий ривожланиш ҳамда ижтимоий адолат йўлида парламент ҳаракати тўғрисида Тошкент декларацияси қабул қилингани алоҳида эътироф этилган.
Бу Ўзбекистоннинг парламентлар ўртасидаги мулоқотни халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида илгари сураётганини кўрсатади.
Энг муҳими, ташаббуснинг мазмуни инсонга қаратилган. Ижтимоий ҳимоя, иш билан таъминлаш, таълим, камбағалликни қисқартириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш каби масалалар дунёдаги ҳар бир жамият учун тушунарли ва яқин мавзулар.
Шунинг учун мазкур резолюцияни фақат дипломатик ҳужжат сифатида эмас, инсон фаровонлигига олиб борадиган умумий йўлларни яна бир бор белгилаб берган муҳим халқаро келишув сифатида баҳолаш мумкин.
Энг асосийси эса, яхши қонун, самарали давлат сиёсати ва кучли парламентнинг қиймати оддий инсон ҳаётида қанча яхши ўзгариш қилгани билан ўлчанади. Ўзбекистон ташаббусининг халқаро даражага кўтарилиши ҳам айнан шу мақсад — инсон манфаати, ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА