Инновация ва янги ёндашувлар уйғунлиги
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Оролбўйи минтақасида ветеринария ҳамда чорвачиликда замонавий инновацион ечимлар: имкониятлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Оролбўйи ҳудудининг мураккаб экологик шароитида чорвачилик ва ветеринария соҳаларини илмий ёндашувлар асосида ривожлантириш, инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда мавжуд тизимли муаммоларни чуқур таҳлил қилишга хизмат қилувчи муҳим илмий мулоқот майдонига айланди.
Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти, соҳа олимлари, ёш тадқиқотчилар ва докторантлар бевосита, яъни оффлайн тарзда иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети раҳбарияти ҳамда республикадаги қатор етакчи олий таълим муассасалари вакиллари эса онлайн тарзда уланиб, илмий муҳокамаларда фаол иштирок этди.
Анжуман соҳада тўпланган илмий салоҳиятни амалий ечимларга йўналтириш, мавжуд муаммоларга нисбатан янги илмий қараш ва таклифларни шакллантириш учун муҳим замин яратди.
Конференция давомида “Ветеринария медицинаси ва фармакологияси” кафедраси катта ўқитувчиси, ветеринария фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) А.Сейпуллаевнинг “Оролбўйи ҳудуди шароитида қорамолларда витамин ва минерал алмашинувининг бузилиш хусусиятлари” мавзусидаги маърузаси алоҳида эътибор марказида бўлди. Унда минтақанинг экологик деградацияси, тупроқ ва ем-хашак таркибидаги микроэлементлар етишмовчилиги, шунингдек, иқлим ўзгаришлари ҳайвонлар метаболизми ва маҳсулдорлигига қандай таъсир кўрсатиши илмий далиллар асосида таҳлил қилинди.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, витамин-минерал балансининг бузилиши қорамолларда иммунитет пасайиши, репродуктив функцияларнинг издан чиқиши ҳамда умумий маҳсулдорликнинг камайишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида чорвачилик тармоғининг иқтисодий самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, илмий асосланган рацион тузиш, биокимёвий мониторингни йўлга қўйиш ва инновацион ветеринария технологияларини қўллаш муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассислар таъкидлашича, Оролбўйи ҳудудида чорвачиликни ривожлантириш эндиликда фақат анъанавий ёндашувлар билан чекланиб қолмаслиги лозим. Аксинча, рақамли технологиялар, биотехнологик ечимлар ва илмий тадқиқотлар натижаларига асосланган комплекс ёндашув талаб этилади. Айниқса, ҳудуднинг экологик ноқислиги ҳисобга олинган ҳолда барқарор ривожланиш тамойилларига амал қилиш долзарб вазифага айланмоқда.
Мазкур илмий-амалий анжуман, шубҳасиз, Оролбўйи ҳудудида чорвачилик ва ветеринария соҳаларининг келгуси тараққиёт йўлини белгилаб берувчи муҳим илмий мулоқот вазифасини ўтади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА